Картошка кундалик ҳаётимизда эҳтиёж ва талаб юқори бўлган маҳсулотлардан бири саналади. Тиббиётчилар хулосаси билан қаралганда инсон йилига ўртача 50 килограмм картошка истеъмол қилиши лозим. Шу боис, мамлакатимизда замонавий, инновацион технологияларни жорий этган ҳолда картошка етиштиришни йўлга қўйиш, импорт ўрнини босадиган маҳсулот етиштирувчиларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 6 майдаги “Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзагроинспекцияси”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 2021 йил ҳосили учун вилоятда жами 17 минг 928 гектар майдонда картошка экиш режалаштирилди. Шунинг 8 минг 122 гектари асосий майдон, 9 минг 806 гектари ғалладан бўшаган майдонга такрорий экин сифатида жойлаштирилади.
Тажрибали деҳқонлар картошкадан мўл ҳосил етиштириш асосан уруғнинг сифатига боғлиқ эканлигини яхши билишади. Шу мақсадда, жорий йилда картошканинг “Пекас”,”Гала”,”Фонтане”, “Эволюшн”, “Аризона” “Монто карло”, “Фонтана” сингари супер элита, элита ва Р-1 навларини экиш режалаштирилмоқда.
“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан кластер корхоналари ва фермер хўжаликларининг картошка экиладиган майдонларга талаб этиладиган 28 минг 427 тоннага яқин уруғлик билан таъминлаш юзасидан тизимли назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Ўтказилаётган назорат тадбирларига кўра, асосий ер майдонига экилиши режалаштирилаётган уруғлик картошка заҳираси шакллантирилган. Ғалладан бўшаган майдонларга экилиши режалаштирилаётган картошка уруғлиги банк кредит маблағлари эвазига келтирилиши мўлжалланмоқда.
Хусусан, жорий йилда Булунғур туманида 2 минг 866 гектар, Жомбойда 1 минг 130 гектар, Ургут туманида 1 минг 400 гектар ҳамда Тайлоқ туманида 1 минг 100 гектар асосий ер майдонида картошканинг иқлим шароитига мос, серҳосил навларини экиш юзасидан белгиланган агротехник тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилда вилоятнинг асосий ер майдонларига экиладиган картошкадан 129 минг 434 тонна ҳосил етиштириш мўлжалланмоқда.
Хушнуд Нурбеков,
“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси
бош инспектори