Тадбирда БМТ Бош котиби ўринбосари, Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш бўйича Конвенция ижрочи котиби Иброҳим Тиау, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда хорижий делегациялар вакиллари иштирок этди.



Тадбир давомида “CRIC-21 яшил боғи”да 1000 туп дарахт кўчатлари ўтқазилди. Маълумот учун, боғ ҳудуди 2,5 гектарга тенг бўлиб, аҳоли учун хизмат қиладиган жамоатчилик боғига айлантирилади.
Таъкидлаш жоизки, дарахтга эҳтиром ва унинг рамзийлиги кўҳна ўзбек анъаналаридан биридир. Моддий ва номоддий маданий меросимизга назар ташлар эканмиз, жамият ва табиат ўртасидаги муносабатлар кўп ҳолларда айнан дарахт рамзи билан ифодаланишига гувоҳ бўлишимиз мумкин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бугун анъанага айланди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, вазирлик ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги ва ҳамкор ташкилотлар томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида юртимиз бўйлаб дарахт кўчатлари ўтқазилмоқда.
Хусусан, ушбу лойиҳа бошланганидан бери ўтган 2 йилда уй-жой массивларида 1 минг 200 гектардан ортиқ яшил боғ ва жамоат парклари, 1 миллион гектардан зиёд яшил ҳудуд ва қопламалар барпо этилди.
Жорий йилда эса 25 октябрдан 1 декабргача “кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинди, унинг доирасида 85 миллион туп кўчат экиш режалаштирилган.
Қолаверса, ўрмон хўжаликларида 5 миллион дона дарахт экиш, чиқинди полигонлари атрофида ва йирик саноат корхоналари ҳудудида “яшил белбоғ” яратиш, дала четларида 20 миллион туп терак, тут ва узум экиш, боғча, мактаб, олийгоҳ ва шифохоналар ҳудудида 3,5 миллионта кўчат экиш, Оролнинг қуриган тубида 100 минг гектарда “яшил қоплама”ларни барпо этиш кўзда тутилган.