Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, фуқаро Ф.Халилов томонидан шахсий уйининг бир қисми бузилиб, ўрнига меҳмонхона қурилиши амалга оширилган. Аммо ушбу қурилиш ҳеч қандай шаҳарсозлик ҳужжатларисиз олиб борилган.
Вазирлик ва масъул органлар томонидан бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган:
- Қурилишга рухсат берувчи ҳоким қарори ёки қурилиш бўлими рухсатномаси мавжуд эмас;
- Архитектура-режалаштириш топшириқномаси (АПЗ) расмийлаштирилмаган;
- Геология, лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмаган ва тасдиқланмаган;
- Шаҳарсозлик кенгашининг муҳокамасидан ўтказилмаган;
- Оbъект бош режаси расмийлаштирилмаган;
- Қурилиш материалларининг сифатига доир ҳужжатлар тақдим этилмаган;
- Ёпиқ ишлар бўйича далолатномалар мавжуд эмас;
- Бино сейсмик талабларга жавоб бермаслиги аниқланган.
Шу каби жиддий камчиликларга қарамасдан, “Konstant Proyekt” МЧЖ томонидан лойиҳа ҳужжатлари тўлиқ ишлаб чиқилмаган, “Triumf Proyekt” МЧЖ эса бирламчи ҳужжатларсиз хулоса тақдим этган.
Қурилиш жараёнида маҳаллий қурилиш бўлими ва назорат инспекцияси бир неча марта ишларни тўхтатиш ҳақида кўрсатма берган, бироқ ишлар давом эттирилган. 2016 йилда бинога мутахассислар томонидан мустаҳкамлаш лойиҳаси ишлаб чиқиш бўйича таклиф берилган бўлса-да, амалга оширилмаган.
2022 йил 6 майда “Ўзоғирсаноатлойиҳа” институти мутахассислари бинодаги дарз кетиш ҳолатларини қайд этиб, уни бузиш зарур деб топган.
Шунингдек, 2022 йил 6 июл куни Тойлоқ туманлараро суди томонидан қабул қилинган ҳал қилув қарорига кўра, мазкур 12 қаватли бинони бузиш ва харажатларни Ф.Халилов зиммасига юклаш белгиланган.