Самарқанд вилоятининг олис ҳудудларидаги малакали ўқитувчиларга эҳтиёж юқори бўлган мактабларга олий ва биринчи тоифали педагогларни жалб қилиш, бу борада бошқармага мурожаат қилган ўқитувчиларни қабул қилиш мақсадида ташкил этилган ярмаркада Фарғона, Наманган ва Aндижон вилоятларидан ўқитувчилар қатнашди.

Ярмарка давомида мурожаат қилган 71 нафар педагогдан малака тоифаси ва салоҳияти инобатга олиниб, 51 нафари Нуробод, Қўшработ ҳамда Каттақўрғон туманларининг олис ва «қизил» тоифадаги мактабларига шартнома асосида ишга жойлаштирилди.

Уларнинг 22 нафари олий тоифали, 29 нафари биринчи тоифали инглиз тили, она тили ва адабиёт, биология ва кимё ҳамда математика ва физика фанлари ўқитувчиларидир.

Бугунги кунда Самарқанд вилоятидаги 62 та олис ва таълим сифати паст мактабларда 269 нафар малакали мутахассисларга эҳтиёж мавжуд. 2021—2022 ўқув йили олдидан мазкур эҳтиёж СамДУ ҳамда СамДЧТИни битираётган талабалар ҳамда бошқа вилоятлардан келиб ишлаётган ўқитувчилар ҳисобига қопланяпти.

Маълумот учун: бугунги кунда Самарқанд вилоятидаги мактабларда 30 нафар педагог бошқа вилоят ва туманлардан келиб фаолият олиб боряпти.

Улар белгиланган ҳуқуқий меъёр асосида устама ҳақлари билан таъминланган, деб хабар беради Zarnews Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси маълумотига таяниб.