Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирининг ҳарбий хизматчилари Нуробод тумани, Эрўғил маҳалласи, Сазаган қишлоғида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Раҳмон ота Абилов хонадонида бўлиб, нуронийнинг ҳолидан хабар олишди. Уларга шу қишлоқда яшовчи ўқувчи ёшлар ҳам ҳамроҳ бўлди.
Ташриф давомида отахоннинг саломатлиги кўздан кечирилди ва совға-саломлар берилди. Самимий ва дилкаш суҳбат жараёнида нуроний фахрий бошидан ўтказганларини ҳарбий хизматчиларга гапириб берди.
Раҳмон ота ҳозирги кунда қишлоқнинг энг кекса кайвони отахони сифатида ҳамқишлоқлари томонидан эъзозланиб келинади. Табаррук отахон ҳозирги кунда 102 ёшли қаршиламоқда. 6 нафар фарзанди, 48 нафар невараси, 117 та чевараси бор.
Ҳарбий хизматчиларнинг ушбу ташрифидан отахон жуда ҳам мамнун бўлди. Суҳбат давомида Ватан ҳимоячилари Иккин жаҳон уруши даври ва урушдан кейинги йилларда Раҳмон отанинг халқ хўжалиги учун қўшган ҳиссалари ҳақида билиб олишди.
Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати