Қиймати 117,5 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи лойиҳага кўра, вилоятда 9 та оқава сувларини тозалаш иншоотлари, 185 километрдан ортиқ канализация тармоқларини қуриш режалаштирилган. Жумладан, жорий йилда Оқдарё тумани маркази - Лойиш шаҳарчасининг 14 минг нафардан зиёд аҳоли яшовчи хонадонлари канализация тармоқларига уланади. Янги оқава сувларини тозалаш иншооти қурилиб, 19,5 километр масофага оқава сув тармоғи тортилади. Бунинг учун 10,9 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиш кўзда тутилган.
Лойиҳага кўра, Иштихон тумани маркази ҳамда Митан шаҳарчасида оқава сувларини тозалаш иншоотлари ва 42 километр канализация тармоқлари тортилади. 25 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланадиган лойиҳа амалга оширилгач, 25,4 минг аҳоли истиқомат қилувчи ҳудудларда оқава сув тизимида муаммо бўлмайди. Шунингдек, Каттақўрғон, Паяриқ, Қўшработ ҳамда Паст Дарғом туманларида ҳам канализация тармоқлари янгиланади.
Бугунги кунда ҳар бир лойиҳанинг паспорти, аннотациялари ва бошқа бирламчи ҳужжатлар тайёрланиб, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига киритилган.