Ажабланишингиз мумкин, самбо Олимпия ўйинлари дастурига кирмаган бўлса, қанақасига олимпиада совриндори мусобақада иштирок этиши мумкин, деб. Гап шундаки, дзюдо бўйича Пекин олимпиадасининг совриндори, кураш бўйича жаҳон чемпиони Абдулла Тангриев энди ўзини самбо спортида ҳам синаб кўришга қарор қилди.

Бугун пойтахтимиздаги «Универсал» спорт саройида самбо бўйича Ўзбекистон чемпионати беллашувларига старт берилди. Мусобақада юртимизнинг барча ҳудудларидан 800 нафардан зиёд сараланган спортчилар ғолиблик учун баҳсларга киришди.

Чемпионатда эркаклар ва аёллар 7тадан вазн тоифасида ўзаро беллашади. Бундан ташқари, жанговар самбо йўналиши бўйича ҳам 7та вазнда беллашувлар ўтказилади.

Бугун соат 16:00да мусобақанинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтади. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон самбо федерацияси раҳбарияти иштирок этади, деб хабар беради Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.