Жорий йилнинг 15 декабрь куни соат 11:00 да Республика Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар қўмитаси муассислигидаги нашр — “Саодат” журнали ташкил этилганининг 100 йиллиги муносабати билан “Саодат журнали 100 йиллиги: бир асрлик маърифат байрами” мавзусида тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тантанали маросимни Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Махкамова кириш сўзи билан очиб, “Саодат” журналининг ижтимоий-маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти ҳақида кенг тўхталди. “Саодат”нинг халқимиз маънавиятига қўшаётган ҳиссасини алоҳида эътироф этиб, журнални “кўнгилларимизга маърифат, адабиёт ва тарбия улашган нашр”, дея таърифлади.
Ўтган юз йиллик маърифат йўли давомида “Саодат” аёлларимизнинг қувончи ва ташвишини, орзуси ва интилишини, юрт ҳаётидаги долзарб масалаларни ўз саҳифаларида акс эттириб, кўп сонли хотин-қизларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишида чинакам таянч, рағбат ва ишонч манбайи бўла олди. “Саодат” қандай давр ва шароитда нашр этилмасин, у ҳамиша, хотин-қизларимиз маънавияти, адабиёти, санъати ва турмуш тарзи билан боғлиқ энг долзарб ғоя ва ташаббусларни илгари суриб келган.
“Саодат”да узоқ йиллар муҳаррирлик қилиб, ижодий мактаб яратган номи ҳамиша барҳаёт Зулфияхоним, улуғ шоирамиз Ҳалима Худойбердиева номлари билан боғлиқ ижод мактаблари қад ростлагани, уларнинг бадиий сиймолари — ҳайкаллари юртимизнинг диққатга сазовор майдонларида қад кўтариб тургани ҳам ушбу улуғ эъзоз ва эҳтиромнинг ёрқин намунаси эканига алоҳида тўхталди.
Журнал тарихи: юртимиз хотин-қизларининг оммабоп ижтимоий-сиёсий, бадиий-безакли журнали “Саодат”га 1925 йилда асос солинган. Турли йилларда турли номлар билан — 1925–1934 йилларда “Янги йўл”, 1936–1950 йилларда “Ёрқин турмуш”, 1950–1965 йилларда “Ўзбекистон хотин-қизлари” номлари билан чоп этилган журнал 1966 йилдан буён “Саодат” номи билан фаолият юритиб келмоқда. Айрим даврларда — 1934–1936 ва 1941–1950 йилларда турли сабаблар билан нашр фаолияти тўхтаб қолган.
Нашрга турли йилларда муҳаррирлик қилган серқирра ижодкорлар — Тожихон Шодиева, Собира Холдорова, Хосият Тиллахонова, Саодат Шамсиева, Фотима Ниёзова, Иқбол Акбархўжаева, Ойдин Собирова, Зулфия Исроилова, Ҳалима Худойбердиева, Ойдин Ҳожиева ва бошқалар миллатимиз қизларига намуна ва ибрат бўла оладиган ижод намуналарини яратдилар. 2018 йилдан буён журналга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Мунаввара Усмонова раҳбарлик қилиб келмоқда.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан алоҳида таъкидланганидек, мамлакат аёлларининг овози бўлган “Саодат” журнали юртимиз бўйлаб маҳаллалар, оилалар, ўқув муассасалари ва хонадонларга кириб бориб, туман, шаҳар, қишлоқ ва овулларда ҳам мутолаа давралари кенгайишига сабаб бўлмоқда.
Таҳририят жамоасини моддий ва маънавий рағбатлантириш мақсадида сана муносабати билан эса 7 нафар ижодкор хотин-қиз “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, журналнинг 2 нафар ходими Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига, 2 нафар ходими Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига аъзоликка қабул қилиниб, уларга аъзолик гувоҳномалари топширилди. “Саодат”нинг хориж ва юртимиздаги дўстларининг онлайн табриги ҳам намойиш этилди.
Тадбирда муҳим сана муносабати билан маънавият ва маърифатга бўлган юксак эътибор рамзи сифатида журналга Президент совғаси — автомобиль топширилди.
Маърифий анжуманда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, мамлакатимиздаги аёл раҳбарлар, ишбилармон аёллар, сиёсатшунослар, ижтимоий соҳа фаоллари, олимлар, иқтисодиёт тармоқлари ва турли соҳалар вакиллари, ижод аҳли, ёш ижодкорлар, адабиёт ихлосмандлари иштирок этди.