Ҳозирги кунда Сардоба сув омборини қайта тиклаш бўйича жуда катта ҳажмдаги муҳандислик-қидирув ишлари амалга оширилмоқда, хусусан, лаборатория таҳлиллари олиниб, илмий-техник асослаш мақсадида изланишлар давом этяпти. Объектнинг амалдаги ҳолати дастлабки лойиҳа ечимларига қанчалик мувофиқлиги ҳам текширилмоқда. Бу ўрганишлар эртага шундай нохуш ҳолат яна такрорланмаслиги ва шу каби фалокатларнинг олдини олиш учун қилинмоқда.

Айтиш керакки, Сирдарё вилоятида йирик сув омбори қуришдан мақсад Токтагул сув омборидан ташланаётган сувларни новегетатив пайтларда йиғиб бориш ҳамда Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги суғориладиган ерларни сув билан таъминлашдир.

Дастлаб, объект лойиҳасини ишлаб чиқиш учун норматив ҳужжатлар талаблари доирасида муҳандислик қидирув ишлари амалга оширилган, ўрнатилган тартибда лойиҳаолди (ТИА) ва лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган, экспертизадан ўтказилган ҳамда тасдиқланган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Сирдарё вилоятида Сардоба сув омборини қуриш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2010- йил 18 майда №97-11-сонли қарори ижроси бўйича қурилиш ишлари амалга оширилган.

  1. Молиялаштириш манбаи: марказлаштирилган маблағлар ҳисобига
  2. Лойиҳа ташкилоти: «УзГИП» МЧЖ
  3. Бош пудратчи: «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ.

Биринчи босқич 500 млн.м3 сув сиғимини сақлаш қобилияти билан 2014 йил фойдаланишга топширилган. Иккинчи босқич ишлари 922 млн.м3 сув сақлаш ҳажмда 2018 йил якунланган. 1 май куни таҳминан соат 05:55да Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба» сув омбори дамбасининг 60 пикет деворида сув чиқиши юзага келган.

Ҳозирги кунда Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроевга кўра сув омборида 230 млн м3 сув тўпланди, у тез орада 350 млн м3 га етказилади ва шу билан ўтган йилги тўпланган сув ҳажмига етади. Жумладан, сув омборининг ҳолати ҳамда юзага келган техноген офатнинг сабабларини ўрганиш юзасидан, унинг келиб чиқиш ҳолатлари қайта такрорланишининг олдини олиш мақсадида хорижий мутахассислар (Москва давлат Қурилиш универститети) жалб қилиниб, техник ечимлар тўлиқ ўрганиб чиқилмоқда. Муҳандислик-қидирув ишлари бўйича эса «ЎзГАШКЛИТИ» ДУК ташкилоти томонидан Россиянинг мутахассислари билан бирга ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Сардоба сув омбори тўғони 60 ПКда бузилиши оқибатида тўғоннинг бошқа қисмларида ҳам оқим таъсирида бузилишлар бўлган. Ҳозирги кунда шу нуқсонларни бартараф этиш ҳамда вақтинчалик сув омборни қисман фаолият юритишини тиклаш кўзда тутилган.

Юқоридаги тиклаш ишлари юзасидан «Гидролойиҳа» АЖ лойиҳачилари москвалик мутахассислар билан келишилган ҳолда лойиҳа ишлаб чиқишди, бу лойиҳа юзасидан давлат экспертизаси томонидан 12 февраль 2021 йил 4-Э-сонли эксперт хулосаси берилган.

Лойиҳада асосан қуйидаги ишлар кўзда тутилган:

  • вақтинчалик тўғон кўтариш (перемичка) яъни бузилган 60 ПКни олдини ўраб қўйиш;
  • эзометрларни қуриш ва тиклаш;
  • сув оқими таъсирида ювиб кетилган тўғоннинг пастки қияликларини тиклаш;
  • сув оқими таъсирида ёпиқ дренаж тизимларни ювиб кетилган қисмларини тиклаш;
  • ёмғир сувларини олиб чиқиб кетувчи иншоотларни тиклаш;
  • сув чиқазувчи асосий иншоот олдида ёмғир сувларини олиб чиқиб кетувчи новларни қуриш.