3 март куни Вазирлар Маҳкамаси Маданий мерос инспекцияси, Бош прокуратура, Маданий мерос агентлиги, Термиз археология музейи, Ўзбекистон давлат санъат музейи вакиллари томонидан маҳаллий аҳолидан 512 дона мис тангалар белгиланган тартибда олиниб, Термиз шаҳридаги Археология музейи фондига топширилган.

Шунингдек, 9 март куни Сурхондарё вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси ва вилоят ички ишлар ходимлари ташаббуси билан ўтказилган ўрганиш давомида қўшимча равишда 620 дона мис танга ва 1 дона шахмат донаси маҳаллий аҳолидан тегишли тартибда олиниб, Термиз археология музейи фондига топширилиши таъминланди.

Ҳозирда Термиз археология музейи томонидан кенг кўламли археологик қидирув-текширув ишлари олиб борилмоқда.

Термиз археология музейи махсус экспедицияси жорий йилнинг 9 март санасидан эътиборан ҳудудда археологик қидирув-текширув ва қазишма ишларини олиб боришмоқда. Дастлабки кун  ноқулай об-ҳаво шароити туфайли экспедиция 4 дона танга топишга муваффақ бўлишди. Бугун, 10 март куни эса ўнлаб Мирзо Улуғбек зарб эттирган мис тангалар топилди.

Археологик олимларнинг дастлабки хулосасига кўра, ушбу ашёлар Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги  даврида зарб этилган пул тангаларининг шу кунга қадар топилган энг катта ва яхши сақланган маданий мерос хазинаси ҳисобланади.