Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИББ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида гуруҳ аъзолари Янгихаёт туманидаги хусусий мактаб биносида «бункер» ташкил этгани аниқланган.

Маълум қилинишича, гуруҳ аъзоларининг аксарияти Европадаги нуфузли университетнинг Тошкент шаҳридаги филиали талабалари, яна бир нафари эса Осиёнинг етакчи давлатларидан биридаги олий таълим муассасасининг пойтахтдаги филиали талабаси бўлган.

Гуруҳда IT соҳасига ихтисослашган МЧЖ мутахассиси ҳам иштирок этган. У тест тизимига яширинча кириш имкониятини яратиб, талабгорлар ўрнига тест саволларини масофадан туриб ечиш имконини берган.

Гуруҳ аъзолари эса талабгорлар ўрнига математика ва инглиз тили бўйича SAT имтиҳони саволларини масофадан туриб ишлаган.

Тезкор тадбир давомида гуруҳ аъзоларидан бири халқаро SAT сертификатини олмоқчи бўлган 5 нафар фуқаронинг ҳар биридан 1,5 минг АҚШ долларидан талаб қилгани аниқланган. У ҳатто улардан бирининг пул маблағини криптоҳамён орқали олишга улгурган.

Ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.