Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирларни тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида республикамиз бўйлаб спорт мусобақалар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Навоий вилоятида ҳам аҳолининг барча қатламини жисмоний тарбия ва оммавий спортга жалб қилиш бўйича кўплаб ишлар олиб борилмоқда. Бунга мисол қилиб Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон енгил атлетика ва триатлон федерациялари ҳамда Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган “Янги нафас” дастури доирасидаги “Save Aral” марафони келтиришимиз мумкин.
Ушбу мусобақада 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган беш минг нафардан ортиқ аҳоли иштирок этди. Марафон Навоий шаҳридаги “Ўзбекистон“ кинотеатри биноси ёнидан старт олиб, иштирокчилар уч километрлик масофани босиб ўтдилар. Оммавий марафонда давлат ва жамоат ташкилотларининг раҳбарлари ҳамда ходимлари, аҳолининг турли қатламлари ўз кучларини синаб кўришди.
Мусобақа якунида ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Маълумот учун: ушбу лойиҳа Президент фармони ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган бўлиб, “Save Aral” марафонига Андижонда старт берилган эди. Мамлакатимизнинг 19 шаҳрида ўтказиладиган марафонга Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ шаҳрида якун ясалади.