Ҳар бир сайловчининг овози замирида мамлакатнинг эртанги куни, келажак авлодларнинг ҳаёти ва фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ҳуқуқлари мужассамдир. Шу сабабдан мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросидан, айниқса, ёшлардан сайлов жараёнларида юксак мулоҳазакорлик, сиёсий фаоллик ва мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришларга даҳлдорлик туйғуси талаб этилади.
Демократик жараёнлар ичида энг муҳими ҳисобланган сайловларни фақат қонун доирасида амалга оширилишини таъминлаш ва унда фаол иштирок этиш муҳим аҳамият касб этади. Нуфузли халқаро ташкилотларнинг экспертлари таъкидлашганидек сўнгги йилларда Ўзбекистон ўзининг сифат жиҳатидан янги тараққиёт босқичига қадам қўйди.
Юксалиш жараёнида инсон ҳуқуқларини кенг таъминлаш, сиёсий-ҳуқуқий ҳаётни ва оммавий ахборот воситаларини эркинлаштириш, жамиятни демократлаштириш каби масалалар ислоҳотларнинг устувор йўналишларига айланди. Миллий сайлов қонунчилигини изчил такомиллаштириш ҳамда сайловларни ўтказиш амалиёти янги юксалиш поғонасига кўтарилди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда давлат ҳокимияти органларини демократик сайловлар орқали шакллантириш бўйича умумэътироф этилган халқаро принциплар ва ҳуқуқий нормаларга тўлиқ мос келадиган миллий сайлов қонунчилиги яратилган.
Қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилган сайловларнинг даврийлиги ва мажбурийлиги, адолатлилиги ва эркинлиги принциплари, уларнинг умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилиши, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилишни таъминлаш, сайловларни жамоатчилик ва халқаро кузатувчилар иштирокида ўтказиш механизмлари Ўзбекистон сайлов тизими демократияга асосланганлигининг ўзига хос сифат кўрсаткичлари ҳисобланади. Сайлов қонунчилиги энг асосий конституциявий принцип бўлган халқ ҳокимияти принципининг амалда татбиқ этилишини таъминлайди.
Мамлакатимизда сайловларни тавсифловчи энг муҳим хусусиятлардан бири – бу очиқлик ва ошкораликдир. Унга кўра сайлов комиссиялари сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирлар ҳақидаги маълумотларни сайловчиларга очиқ ва ошкора маълум қилади.
Сайловга тайёргарлик кўришдаги энг муҳим вазифалардан бири – фуқароларга сайлов тўғрисида тўла, ишончли ва тезкор ахборотни етказиш, аҳолида сайлов оддий, шу билан бирга, муҳим фуқаролик бурчи эканлиги ҳақидаги фикрни шакллантириш, бефарқлик кайфиятидаги шахсларни сайлов ҳуқуқини фаол амалга оширишга чорлаш, уларга сайлов жараёнларида иштирок этишдан ҳар бир фуқаро ва жамият манфаатдор эканлигини сингдириш ҳамда мамлакат таррақиётига даҳлдорлик ҳиссини уйғотишдан иборат.
Бугунги кунда мамлакатимизда сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодлар ва уларнинг ишончли вакилларини сайловчилар билан учрашувлари, тарғибот-ташвиқот тадбирлари қизғин давом этмоқда. Бундай тадбирлар Тошкент давлат аграр университетида ҳам бўлиб ўтмоқда. Тарғибот тадбирлари халқимизни, айниқса ёшларни ижтимоий фаоллиги ошириб, ҳуқуқий, сиёсий онгу тафаккури юксалтирмоқда.
Шундай экан, ушбу сиёсий жараёнларда барчамизнинг фаол бўлишимиз, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият ҳамда сиёсий билимларимизни юксалтириб, Ватанимиз равнақи ва истиқболи учун бефарқ бўлмасдан, сайловолди ташвиқотларига эътиборли бўлишимиз ҳамда фаол фуқаролик позициямизни шакллантириш асосида актив сайлов ҳуқуқимиздан фойланишимиз – эртанги кун тақдиримиз учун муҳим аҳамият касб этади.
С.Исламов,
Тошкент давлат аграр университети биринчи проректори