Тадбирда Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Мудофаа вазирлиги томонидан тайинланган масъул офицерлардан иборат ҳакамлар ҳайъати, фахрийлар, ёшлар ҳамда мусобақада иштирок этувчи барча округ жамоалари қатнашди.

Унда сўз олганлар, “Энг илғор мутахассис” армия ўйинлари ҳарбий хизматчиларда юксак жанговар тайёргарлик ва профессионалликни ошириш, қўшинларда ўзаро мусобақа руҳини кучайтириш, ҳарбий мутахассисларда етакчилик хусусиятларини ривожлантириш, ҳарбий жамоаларда соғлом рақобат ҳисси ва барқарор маънавий-ахлоқий муҳитни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этишини қайд этдилар.

Шунингдек, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Айбек Саидов юртимизда карантин чоралари юмшатилиши муносабати билан, “Сазаган” ва “Каттақўрғон” дала-ўқув майдонларида ўтказиладиган мазкур танловларни юртдошларимиз карантин қоидаларига амал қилган ҳолда бевосита кузатиб боришлари учун барча шарт-шароитлар яратилганини ҳам алоҳида таъкидлади.

Тадбирнинг бадиий қисмида Самарқанд вилояти маданият бошқармаси томонидан гўзал куй-қўшиқ ва рақслар намойиш этилган бўлса, ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги кўргазмали чиқишлари йиғилганларга янада кўтаринки кайфият бағишлади.

Ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар намойиши, шунингдек юрт ҳимоячиларининг касбий салоҳиятларини намоён этувчи жанговар машғулотлар ҳам ёшларда катта қизиқиш уйғотиб, уларнинг миллий армиямиз сафларида хизмат қилишга бўлган иштиёқини янада оширди.

Тадбир сўнгида, Нуробод туманидан келган 6 та мактаб ўқувчилари ўртасида тош кўтариш ва арқон тортиш каби миллий спорт ўйинлари бўйича мусобақалар ташкил этилиб, ғолиблар округ қўмондонлиги томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шундан сўнг, “Энг илғор мутахассис” армия ўйинлари бошланди. Дастлаб, иштирокчилар тест синовлари ва жисмоний тайёргарлик баҳсларига жалб этилди.

“Сазаган” дала-ўқув майдонида ўтказиладиган ушбу танловда иштирокчилар “Энг илғор мерган”, “Энг илғор пулемётчи”, “Энг илғор гранатомётчи” “Энг илғор АГС ва СПГ-9 ҳисоблари” мутахассислиги бўйича беллашади.

Эслатиб ўтамиз, бугун Тошкент ҳарбий округи “Чирчиқ” дала-ўқув майдони ва Марказий ҳарбий округ “Каттақўрғон” полигонида “Мен ғолиб” шиори остида ўтказилаётган “Энг илғор мутахассис” армия ўйинларига ҳам старт берилди. Бу ҳақида навбатдаги хабарларимизда маълумот берамиз.

 Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий
коммуникациялар департаменти