Бугунги кунда жаҳон миқёсида ва мамлакатимизда юз бераётган мураккаб синовларни муносиб енгиб ўтишда мустақиллигимизнинг сафарбар этувчи ва бунёдкор қудрати илҳомбахш манба сифатида барчамизга куч-ғайрат, эртанги кунга беқиёс ишонч бахш этмоқда. Одамларимиз бир ёқадан бош чиқариб, ўз олдига инсонийлик, бағрикенглик, саховат ва олижаноблик каби эзгу мақсадлар қўйган ҳолда ҳуррият байрамининг 29 йиллигини муносиб кутиб олишга тайёр турибди.

Жорий йил карантин талабларига риоя қилган ҳолда “Сен — қудрат манбаи, саодат маскани,  жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида турли онлайн учрашувлар, конференциялар, семинарлар ўтказиш белгиланган. Юртдошларимизга бугунги мураккаб ва қийин пайтда руҳан далда бўлиш, уларнинг ҳаётга, эртанги кунга бўлган ишончини ошириш каби эзгу мақсадларни кўзлаб Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида юқоридаги шиор остида янги онлайн тарғибот лойиҳаси ўз ишини бошлади.

Лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар аҳолиси вакилларини жалб этган ҳолда таниқли олимлар, ёзувчи ва шоирлар, маданият ва санъат намояндалари иштирокида онлайн тарзда маданий-маърифий тадбирлар амалга оширилмоқда. Янги лойиҳанинг илк тақдимоти кеча Республика Маънавият ва маърифат марказида Хоразм ва Тошкент вилоятлари фаоллари ва жамоатчилик вакиллари билан ўтказилди.

Унда сўзга чиққанлар мамлакатимиз ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар юртдошларимизнинг турмушини яхшилаш, дунёқарашини юксалтириш, юртимизни ҳар томонлама обод қилиш, унинг иқтисодий қудратини кучайтириш, янги Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузи ва обрўсини оширишга хизмат қилаётганини, пандемия шароитида ҳам бу ўзгаришлар изчил давом эттирилаётганини таъкидладилар. Улар ўз фикрларини аниқ ҳаётий мисоллар ва илмий асосланган таҳлиллар воситасида асослаб ўтишди.

Хусусан, нотиқлар Ҳаракатлар стратегиясининг ҳаётга татбиқ этилиши халқимиз турмуш шароитини яхшилаш, аҳоли даромадларини ошириш бўйича ҳам ижобий натижаларни бераётгани, жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида аҳоли жон бошига ўртача умумий даромадлар 5,2 миллион сўмни ташкил этаётгани алоҳида таъкидлашди. Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида катта ўзгаришлар бўлгани, тез ва шошилинч тиббий ёрдам ҳамда ихтисослашган тиббий ёрдам сифатини ошириш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлаш, хусусий тиббиётни ривожлантириш каби муҳим лойиҳалар тилга олинди.  Учрашувда шунингдек, ватандошларимизнинг синовли дамларда ҳамжиҳатликда юртимиз ривожи, фаровонлиги йўлида бирлашаётгани юксак эътироф этилди.

Онлайн семинарда иштирок этган Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Мирзо ва “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ артистлари Озодбек Назарбеков, Ёдгор Саъдиев, Муножат Йўлчиева, Гавҳар Зокирова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Женисбек Пиязов, таниқли санъаткор Азим Муллахонов, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова, ЎзДЖТУ профессори Ойниса Мусурмонова, ТДЮУ профессори Феруза Муҳиддинова каби меҳмонларнинг Хоразм ва Тошкент вилоятида амалга оширилаётган иқтисодий-сиёсий, маънавий-маърифий, илмий-ижодий ислоҳотлар ҳақида билдирган фикрлари пойтахт вилояти аҳолиси ва хоразмлик юртдошларимизга руҳий куч-қувват бағишлаб, уларни келгусидаги истиқболли режалар сари илҳомлантирди.

Муножат Мўминова,

“Янги Ўзбекистон” мухбири