Дастлаб вилоят ҳокимлиги биносида «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар билан олиб борилаётган ишлар муҳокамаси бўйича сектор раҳбарлари, шаҳар, туман ҳокимларининг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчилари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш, бандлик ҳамда халқ таълими вазирликларининг ҳудуддаги масъуллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда «Аёллар дафтари»даги мавжуд камчиликлар таҳлил қилинди. Қайд этилганидек, ҳудудлардаги аёлларни фақатгина тиббий кўрикдан ўтказиш эмас, балки улар саломатлигини жиддий назоратга олиш, касалликларни аниқлаш ва уларни даволаш масалаларини ечиш, нафақат ўзлари, балки улар оила аъзолари, фарзандларининг ҳам тиббий кўрикдан ўтказиш муҳимдир. Дафтарлардаги ҳар бир оила билан жиддий шуғулланиш, уларга психологик ёрдам кўрсатиш, ҳар бири билан суҳбатлашиш лозим. - Дафтарлардаги оилаларга бир марта қўл учида ёрдам кўрсатиб, уларни дафтарлардан чиқариш эмас, балки ҳар бир оилани мунтазам назоратга олиб, уларга барча йўналишларда тегишли кўмакларни бериб бориш лозимдир деди – Т.Нарбаева.
Шундан сўнг, ишчи гуруҳ аъзолари Янгиариқ туманида бўлиб, «Global Food Impex» масъулияти чекланган жамиятига қарашли 80 гектар майдонга эга иссиқхона фаолияти билан танишишди. Мазкур корхонада ишлаётган хотин-қизлар билан учрашиб, улар учун яратилган шароитлар ўрганилди. Айтиш жоизки, 2019 йилда ишга туширилган 10 гектар иссиқхонага айни дамда бодринг кўчатлари экилган. Яна 104 гектар майдонда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланиш арафасида. Асосан 2021-2022 йил учун 53 миллион доллар миқдоридаги полиз маҳсулотларини Россия ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилиш кўзда тутилган. Қайд этилганидек, бу ерда тез кунларда ишчилар сони 260 нафардан 1460 нафарга етади.
Сенат Раиси Янгиариқ туманидаги «Каттабоғ кулолчилик маркази»да ҳам бўлди. Бугун республикамизнинг қайси ҳудудига борманг, зангори кулолчилик намуналари билан безатилган замонавий ва тарихий обидаларга кўзимиз тушади. Буларнинг аксариятида каттабоғлик кулолларнинг ҳиссаси бор. Сенат Раиси марказ фаолияти, ҳунармандларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишди ва «Каттабоғ кулоллари» сулоласининг 8 - авлоди Баҳодир Отажонов билан суҳбатлашди.
Шундан сўнг, ишчи гуруҳ Хива шаҳридаги 450 га яқин аҳоли меҳнат қилаётган «Хива гиламлари» комбинатида ҳам бўлишди. Бу ердаги ишчиларнинг ярмидан кўпи хотин қизлар шунингдек, «Аёллар дафтари»да рўйхатда турувчилардир. Корхона ойига 3,5 миллиард сўмлик гилам ва гилам маҳсулотларини нафақат ички бозор балки, экспорт учун ҳам етказиб беряпти.
Ўзбек мумтоз адабиёти, миллий маданияти, маънавияти ва маърифати тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ шоир, тарихнавис, таржимон, давлат арбоби Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудининг 210 йиллиги арафасида Хивада Огаҳий номли ижод мактаби биноси фойдаланишга топширилган эди. Ишчи гуруҳ аъзолари ушбу мактабда ҳам бўлишди.
Ўзбек тили ва адабиёти ҳамда хорижий тилларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган ушбу мактаб-интернатида 220 ўринга мўлжалланган ўқув бино, 100 ўринлик ётоқхона ва ошхона, кутубхона, босмахона, спорт зали ва ёзги спорт майдончалари мавжуд. Ижод мактабида ёш иқтидор эгалари адабиёт, илм-фан сирларини ўқиб ўрганади.
Ташриф доирасида шунингдек, Қўшкўпир туманидаги ҳунарманд аёл хонадонида бўлиб, оилавий корхона фаолияти ҳамда «Обод маҳалла» дастури ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар билан танишиш, «Аёллар маслаҳат Кенгаши» аъзолари ва фаол хотин-қизлар билан учрашиш ҳам кўзда тутилган. Ташриф давом этади, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.