БМТ Бош Ассамблеясининг 2015 йил 22 декабрдаги ялпи мажлисида 11 феврални – «Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни» сифатида эълон қилувчи резолюция қабул қилинди ва ушбу кун БМТнинг халқаро кунларидан бирига айланди.
Сана муносабати билан ташкил этилган Форумнинг мақсади мамлакатимизда хотин-қизлар томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқот ишларнинг натижаларини муҳокама қилиш, янги техника, технология ва рақобатбардош маҳсулотларни яратиш ва ҳаётга татбиқ этишларини қўллаб-қувватлаш, илмий, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, оиласи ва жамиятда ҳамда илмий-ижодий фаолиятида эришаётган ютуқларини ибрат сифатида кўрсатиш орқали қизларни илмли бўлишга ундаш, замонавий касбларни эгаллашга тарғиб қилишдан иборатдир.
Форумда Сенат Раиси Танзила Нарбаева қуйидаги фикрларни баён қилди.
— Ўзбекистон сўнгги йилларда БМТнинг барча ташаббусларини қўллаб-қувватлаяпти ва шу ташаббуслар асосида барча йўналишларга оид саналарни фақатгина нишонлаш эмас, балки соҳада эришган ютуқларимизни таҳлил этиш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва келгусидаги вазифаларимизни аниқлаб олиш учун реал имкониятдир.
Кейинги йилларда Президентимизнинг ташаббуси билан хотин-қизларни ва айниқса, чекка қишлоқларимиздаги азиз қизларимизни илм-фанга йўналтириш, билимли қилиш масаласига эътибор ниҳоятда кучайди. Бу масалада, умуман, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги йўналишида олиб борилаётган ишларда қадам-бақадам кўрсаткичларимизни яхшилаб боряпмиз.
Аёлларимиз илм-фаннинг қайси йўналишларига қизиқади, деганда биринчи навбатда педагогика, тиббиёт ёки бошқа аёлларга хос деб билган анъанавий касбларни айтишга ўрганиб қолганмиз. Лекин ҳозирги кунда дунёнинг барча мамлакатларида аниқ фанлар йўналишларида, яъни математика, инновацион ва ахборот технологиялари ва ҳатто космонавтика йўналишларида аёллар улушини ошириш бўйича катта ишлар қилиняпти. Биз ҳам айнан мана шу йўналишлар бўйича изчил иш олиб боришимиз керак.
Жамиятимизда фаол, билими ва салоҳияти билан бизга ғурур бағишлайдиган аёлларимиз сони ошяпти, кўплаб ёш олима қизларимиз бугун халқаро миқёсда эътироф этиляпти, улар жаҳон илм-фанини забт этяпти. Зеро бу қизларимиз учун ўрнак ва юксак намуна, юқори мотивация манбаи бўлган олима аёлларимиз борки, уларни қанчалик эъзозласак, қадрласак арзийди. Республикамизда фан доктори, профессор аёлларимиз ва илмий тадқиқот олиб бораётган ёш қизларимиз сони йилдан йилга ортиб боряпти.
Шу ўринда, фаол аёллар жамоатчилик кенгашлари тузилиб, уларнинг ишланмалари илгари сурилишига, амалиётга татбиқ этилишига, олималаримизни эса хизмат пиллапояларидан кўтарилишига ҳар бир вазирлик, идора доимий кўмак берадиган бўлса, ишончим комилки, барча соҳаларда кўзланган натижага эришиш мумкин.
Форум доирасида 10 та шўъба бўйича 200 дан зиёд илмий маърузалар келиб тушган бўлиб, жорий йил 14 февралдан бошлаб, Оила ва хотин-қизлар қўмитасида ўтказиладиган секция мажлисларида илмий маърузалар бевосита олима, докторант, тадқиқотчи аёллар ва талаба қизлар иштирокида кенг муҳокама этилади. Мавжуд муаммолар ечимига эътибор қаратилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.