Ташриф Қарши туманидаги “Қовчин” МФЙ ҳудудида жойлашган “Абу Муъйин Ан-Насафий” зиёратгоҳидан бошланди.
Абул Мўъийн ан-Насафий Абу Мансур Мотуридий (870-945) таълимоти ва ҳанафия мазҳабининг батафсил шарҳлари кенг ёйилишига катта ҳисса қўшган. Унинг ислом дини софлигини сақлаш йўлидаги хизматлари диққатга сазовор.
Мазкур мажмуа Президентимиз ташаббуси ва топшириғига асосан бунёд этилиб, аллома мақбараси тубдан таъмирланди, мажмуа негизида 500 ўринли масжид, кутубхона, музей, маъмурий бино, таҳоратхона, чойхона қуриб битказилди. Унинг атрофидаги 70 гектар майдонда ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу соҳада сайёҳларни қадимий ҳунармандчилик анъаналари ва миллий ҳунармандчилик маҳсулотларига жалб этиш мақсадида шу ернинг ўзида мазкур йўналишдаги кластер ташкил қилинмоқда.
Сенат Раиси Т.Нарбаева шу ернинг ўзида ҳунарманд аёллар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар билан танишиб, ҳунарманд хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммо ва камчиликларини бартараф этиш масаласига эътибор қаратди.
– Насафий бобомизнинг зийрат жойларини реставрация қилиб, очилиш арафасида бу ерга Шаҳрисабз ҳунармандчилик мактабидан намуналар олиб, Қарши туманига хос бўлган аёллар ҳунармандчилигини ташкил қилаяпмиз, - деди тадбиркор ҳунарманд Юлдуз Мамадиёрова. – Бу ерда қадимий босма каштачилик ривожланган, уйда ўтирган аёлларнинг ишларини кенг оммага кўрсатиш учун бандлик бўлими билан биргаликда кластер тузиб ишламоқчимиз. Бу ерда камида 70 га яқин одам ишли бўлади. Ҳозир 30 киши ишлаяпти. Улар 3 турдаги гилам, икки хил кашта тикилади.
Шундан сўнг Сенат Раиси тумандаги Алишер Навоий маҳалласи ҳудудида эксперимент тарзида ташкил этилган “Атиргул” иссиқхонасида умумий қиймати 1,7 млн. АҚШ доллари бўлган лойиҳа билан танишди.
Унга кўра 1,3 гектар ерда 5 турдаги Голландия атиргули етиштирилмоқда. Иссиқхона эгаси тадбиркор Қ.Тошевнинг ҳозирги пандемия шароитида жасорат намунасини кўрсатаётган беш мингдан ортиқ тиббиёт ходимларига бу йил етиштирилган атир гуллардан совға қилганлиги учрашувда алоҳида эътироф этилди.
Кейинги манзил – вилоятда ташкил этилаётган кичик саноат зоналари. Сенат Раиси Т.Нарбаева уларнинг фаолияти билан танишиб, бу йўналишда рўёбга чиқарилаётган ишлар билан қизиқди. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда вилоят бўйича кичик саноат зоналарида жами 40 та лойиҳа амалга оширилиб, 419 та янги иш ўрни яратилди. Жумладан, Қарши туманидаги кичик саноат зонасида 4 та лойиҳа бажарилиши натижасида 72 та янги иш ўрни яратилишига эришилди.
Шу жумладан, “Юлдуз Чевар” МЧЖ томонидан тикувчилик лойихаси, “Промах” МЧЖ томонидан эса инфакиёска ишлаб чиқариш лойихаси рўёбга чиқарилди.
Яна бир жиҳат, “Constructing The Mantle Service” МЧЖ томонидан умумий қиймати 350 минг АҚШ доллари бўлган Қудуқлар ва нефт газ соҳасидаги бурғулаш ускуналарини йиғиш цехини ташкил этиш лойихаси амалга оширилиши натижасида 30 та янги иш ўрни яратилади.
Шунингдек, кичик саноат зонасида яна “Сапфир стандарт” МЧЖ томонидан тозалаш ва ювиш воситалари, тиш ювиш пастаси ишлаб чиқариш, “Турди муаззам сервис” томонидан иситиш печлари ишлаб чиқариш бўйича янги лойихалар билан танишилди.
Бундан ташқари, Т.Нарбаева тумандаги “Хонобод” МФЙ ҳудудида жойлашган “Қашқадарё парник тараққиёт инвест” МЧЖга қарашли гидропоника усулидаги иссиқхонага ташриф буюрди. Мазкур иссиқхонада 10 гектар майдонга гидропоника ускуналари ўрнатилган. Ҳозирда иссиқхона ускуналари 100 фоиз олиб келинган ва 4 гектар ер майдонида қурилиш ишлари тугалланган. Қолган 6 га ер майдонида 90 фоиз ишлар якунига етказилиб, жорий йилнинг сентябр ойида тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилмоқда.
Сенат Раисининг Қашқадарё вилоятига ташрифи давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати