Республика “Нуроний” жамғармаси Бошқаруви раиси, сенатор Содиқжон Турдиев аҳоли муаммоларини ўрганиш, олис қишлоқ жойларида яшаётган одамларнинг турмуш шароити билан яқиндан танишиш мақсадида Сурхондарё вилоятининг Ангор, Бандихон, Олтинсой ва Қизириқ туманларидаги қатор маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлди.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, вилоятдаги 100 та маҳалла фуқаролар йиғини ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғир, олис, кўп миллатли чегара ҳудуд сифатида белгиланган. Бугунги кунда “Обод маҳалла” дастурига киритилган фуқаролар йиғинларида аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ижобий ҳал этиш, қишлоқ ва маҳаллаларни ободонлаштириш, бу орқали чекка ҳудудларда яшовчи одамларнинг яшаш тарзини янада яхшилаш бўйича бир қатор ишлар олиб борилмоқда.
Сенатор С.Турдиев маҳаллаларда бу борада амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишар экан, энг аввало, аҳолини ўйлантираётган масалалар ечимига алоҳида эътибор қаратди.
Жумладан, Олтинсой туманидаги “Қорлиқ” маҳалласида аҳоли хонадонларига кириб, одамларнинг яшаш шароити ва муаммолари билан танишди ҳамда уларни ижобий ҳал этиш бўйича сектор бошлиқлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарларига тегишли кўрсатмалар берди. Шу билан бирга, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож хонадонларга моддий ёрдам кўрсатилди.
Шундан сўнг сенатор маҳаллада яшовчи кексалар билан учрашиб, оилавий ажримлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва бу жараёнда фуқаролар йиғини ҳузуридаги “Кексалар маслаҳати” гуруҳи аъзолари ва ёши улуғ отахон ва онахонларнинг фаоллигини янада ошириш лозимлигини таъкидлади.
Учрашув давомида маҳаллада яшовчи бир гуруҳ фаол нуронийлар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати