Жумладан, Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Маҳмуджон Парпиев ҳамда Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Носирбек Абдуллаханов халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши депутатлари ва доимий комиссиялари раислари, вилоят маҳаллий Кенгаши котибияти ҳамда сиёсий партиялар вакиллари билан учрашди.
Унда Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш дастурлари, шунингдек, мазкур йўналишда жорий этилган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”ни изчил юритиш борасида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилди.
Қолаверса, парламент юқори палатасининг ўн иккинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалалар, маъқулланган қонунлар, уларнинг ижросини таъминлашда тегишли мутасаддилар масъулиятини ошириш тўғрисида сўз юритилди.
Хусусан, сайлов қонунчилигини такомиллаштиришга доир янгиликларнинг мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги аҳамияти, Жиноят ва Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, жумладан, вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлашга оид нормаларнинг мазмун-моҳияти, тубдан такомиллаштирилган аудиторлик фаолиятига оид қонунчиликнинг иқтисодиётимиз равнақидаги ўрни, 30 июлни мамлакатимизда “Халқлар дўстлиги куни” сифатида белгилашга оид қонун моҳиятига урғу берилди.
Бундан ташқари, ёшларни қўллаб-қувватлаш билан бирга аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида тизимли ишларни олиб боришда жамоатчилик ва депутатлик назорати институтларидан самарали фойдаланиш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Депутатлар томонидан сайлов округларида бўлиб ўтган учрашувларда кўтарилган масала ва муаммоларга ечим излашда ташаббус кўрсатишаётганига қарамай, мурожаатларни ҳал этишда тегишли мутасаддиларда масъулият етишмаётгани, аксарият ҳолларда депутатлик сўровларига беписандлик билан қаралаётгани танқид остига олинди.
Жумладан, “26-Сардоба” сайлов округидан депутат Абдувоҳид Азизов кўтарган бир қатор масалалар ҳамон ижобий ҳал этилмаган. Ҳудуддаги йўллар таъмирталаб. Бундан аҳоли, айниқса, ўқувчилар жабр кўрмоқда. Кўчаларга трансформатор ўрнатиш бўйича масалага электр таъминоти корхонасидан амалий жавоб йўқ. ”Байналмилал” маҳалла фуқаролар йиғини учун ҳанузгача идора топилмаяпти. Икки сотихли хонадонларнинг аксариятида тўрттагача хўжаликлар (оилалар) яшашга мажбур бўлмоқда. Уларга сайёр қабулларда ажратилиши айтилган уй-жойлар ҳам ҳозирча амалга ошмаяпти.
“16-Шаршара” сайлов округидан депутат Шамсиддин Қаюмовнинг ўтган 2020 йил давомида тегишли ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарларига юборган 40 дан зиёд депутатлик сўровларидан еттитасига умуман жавоб қайтарилмаган. Шунингдек, жавоб хатларидан бештасига халқ вакили қониқиш ҳосил қилмаган. Депутат ўз сайлов округи ҳудудида жойлашган мактабларни ўрганиш жараёнида таълим сифати талабга жавоб бермаслигини таъкидлади. Маълум бўлишича, 46-сонли умумтаълим мактабида сўнгги 30 йил ичида атиги 26 нафар бола олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинган холос. Буни йиллар кесимида олганда, ақалли бир нафар ўқувчига ҳам тўғри келмаслиги ғоят ачинарлидир.
Шунингдек, учрашувда Олий Мажлис Сенатининг 2021 йилдаги устувор йўналишлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан биргаликда олиб бориладиган вазифалари ҳам муҳокама этилиб, бу жараёнда депутатлар томонидан қайд этилган оғриқли муаммолар ечими юзасидан ҳисобдор ташкилот ва муассасалар раҳбарларидан масъулият сўралиши, келгусида уларни ҳал этиш чоралари кўрилишига эътибор қаратилиши билдирилди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати