Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар қилди.
Маълум қилинишича, тезкор тадбирлар ИИББ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ташкил этилган.
Ички ишлар органлари маълумотига кўра, мазкур тоифадаги шахслар бозорда харидор ва сотувчи ўртасидаги тўғридан тўғри савдога тўсқинлик қилиб, автомобил ва эҳтиёт қисмлар нархининг сунъий ошишига сабаб бўлган. Айрим ҳолатларда эса харидор ва сотувчилар учун ноқулай вазиятларни юзага келтирган.
Тадбирлар давомида бозор ҳудудида ноқонуний воситачилик ва ўртакашлик билан шуғулланган 100 нафар шахс аниқланган.
Уларнинг 50 нафари билан профилактик суҳбат ўтказилган, 30 нафарига нисбатан маъмурий қамоқ ва жарима жазоси қўлланилган.
ИИББ маълумотига кўра, 2025 йил ва 2026 йилнинг ўтган даври мобайнида Сергели автомобил бозори ҳудудида ноқонуний ҳаракатлар билан боғлиқ қарийб 10 та жиноят иши қайд этилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бу каби ҳолатларга қарши назорат ва профилактик тадбирлар давом эттирилишини билдирган.
Шунингдек, фуқароларга автомобил ва эҳтиёт қисмларини фақат расмий ҳамда ишончли савдо нуқталари орқали харид қилиш тавсия этилган.