Ушбу замонавий мактабни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов очиб берди.
— Бугун очилган мактаб юртимизда «Замонавий мактаблар»ни ташкил этишдаги илк қадамдир, — деди Халқ таълими вазири. — Бундай мактаблар босқичма-босқич мамлакатимизнинг барча вилоятларида ташкил этилади. Мутлақо янгича дизайнда барпо этилган ушбу мактабда ўқувчиларнинг билим олиши учун барча қулайликлар мавжуд.
Тўрт қаватли ушбу мактабда 48 та ўқув хоналари мавжуд бўлиб, уларнинг 20 таси фан хонаси, 14 таси бошланғич синф хонаси ва 14 та хорижий тилларни ўқитишга мўлжалланган ўқув хоналаридир.
Бундан ташқари, мактабда 15 та маъмурият хонаси, 1 та чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик хонаси, 4 та ахборот технологиялари хонаси, 4 та тўгарак хонаси, 3 та кимё, биология, физика лаборатория хоналари, 2 та ўғил ва қиз болалар технология хонаси, 1 та мусиқа хонаси, 1 та кутубхона фаолият юритади.
Ўқувчиларга қулайлик яратиш мақсадида 1 та 40 ўринга мўлжалланган электрон кутубхона, 1 тадан тиббиёт ҳамда тиш шифокори хонаси, 1 та 140 ўринли фаоллар зали, 200 ўринли ошхона, 2 та спорт зали, футбол, баскетбол, волейбол майдонлари ҳам ташкил этилган.
Таъкидлаш лозимки, бу сўнгги йилларда қурилган энг катта қувватга эга мактаблардан бири ҳисобланади. Мазкур мактабни қуриш жараёнида Президент мактаблари, Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослашган мактабларининг қурилиш тажрибасидан фойдаланилди.
Халқ таълими вазирлиги томонидан мазкур мактабда таълим сифатини таъминлаш мақсадида Тошкентдаги энг талаб юқори бўлган мактаб директорлари орасида танлов ўтказилиб, номзодлар Кузатув кенгашлари томонидан танлаб олинди ҳамда ўқитувчилар тест синовлари асосида ишга қабул қилинди. Хусусан, ушбу мактабда ишлаш истагини билдирган 100 нафардан зиёд педагоглардан 65 нафар ёш, билимли ва ташаббускор мутахассислар ишга қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда Сергели туманида 4 янги мактабнинг қурилиши бошланган эди. Ҳозирда уларнинг учтаси, яъни 329-, 330-, 331-сонли умумий ўрта таълим мактаблари фойдаланишга топширилди, деб хабар беради Халқ таълими вазилиги матбуот хизмати.