Янги Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни муҳим эканлигини эътиборга олган ҳолда давлатимиз раҳбарининг Нодавлат нотижорат ташкилотларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали ишлашлари, олдиларига қўйган мақсадларига эришишларини таъминлаш учун барча шароитларни яратиш мақсадида қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Республикада фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш борасида сезиларли ишларни амалга оширди.

Хусусан, ННТлар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг шаффофлик стандарти” ишлаб чиқилди.

Шаффофлик стандарти нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз вазифа
ва мақсадларини амалга ошириш билан боғлиқ жараёнда ошкораликни таъминлашга хизмат қилиб, фаолиятнинг очиқлиги, қонунийлиги, коррупциядан холилиги, ҳисобдорлиги, шунингдек, иш услуби
ва бошқарувнинг ишончлилиги ҳамда самарадорлигини таъминлашга қаратилган комплекс чоралардан иборат. Бу эса, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ўз фаолиятини мустақил, қонунчиликка асосланган ҳолда очиқлик, фуқаролик жамиятини янада мустаҳкамлаш ҳамда барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишига хизмат қилади.

Ўтган йилда Ассоциация томонидан халқаро ва хорижий тузилмалар, маҳаллий ННТлари билан ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган халқаро ҳамда хорижий ташкилотлар, жумладан АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA), ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори (OSCE), Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Сайлов тизимлари халқаро жамғармаси (IFES, АҚШ), “Winrock International”нинг (АҚШ) Ўзбекистондаги филиали, Россия Федерациясининг “Русский мир” ва “Умная цивилизация” нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан учрашувлар ўтказилди ва ҳамкорлик келишувини имзолашга келишилди ҳамда Германия халқ университетлари ассоциацияси (DVV) Ўзбекистондаги филиали билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

ЎзННТМА томонидан 2021 йилда фаолият юритаётган ва аъзо бўлган ННТларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолият юритишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминлаш, ННТларни аъзоликка жалб этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 мартдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг талаблари асосида олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида 532 та ННТлар Ассоциация аъзолигига қабул қилинди ва аъзолар сони 990 тага етказилди ва уларнинг фаолият юритишлари учун бино
ва зарурий жиҳозлар билан таъминлаш мақсадида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”га жойлаштириш учун 19 та тавсияномалар берилди.

Шу билан бирга, 2021 йилда ННТларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида ЎзННТМА тасислигида ташкил этилган Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грант танловлари эълон қилинди ва 120 та ННТлар грант лойиҳалари ғолиблари бўлди.

Шунингдек, ушбу саъй-ҳаракатлар ва яратилган имкониятлар натижасида 71 та маҳаллий ННТлар халқаро грант лойиҳалари ғолибларига айланди. Бунинг натижасида эса ННТларнинг молиявий аҳволи янада яхшиланди ҳамда юртимиз тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишлари учун қўшимча имконият яратилди.

Хулоса қиладиган бўлсак, янги Ўзбекистоннинг ўзига хос ва ўзига мос тараққиёт йўли мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотларини эркин самарали иш юритиши – фуқаролик жамиятини қуришнинг ҳуқуқий асослари ва кафолатлари қай даражада яратилганлиги билан белгиланади.

Нормурод ШОДМОНОВ,

Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси,

ННТлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи