Юртдошларимизнинг ҳуқуқий билими етишмаслиги, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўлақонли англамаслиги натижасида шартномалар ҳақиқий эмас деб топилиши туфайли ёки ёлғон шартномага ишониб, “куйиб” қолаётганлар кўп орамизда. Буни Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил этиш жараёнида ҳам англаш мумкин.
Наманган вилояти истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига келиб тушган аризалардан бирида Мингбулоқ туманида яшовчи А.Мадаминов 2021 йил 10 декабрь куни “Наманган автотеххизмат” МЧЖ билан “COBALT GX/16ATB”автомашинаси сотиб олиш учун шартнома тузади. Сўнг ўзининг муассислигида бўлган “Мингбулоқ сифат қурилиш савдо” МЧЖ ҳисоб рақамидан 2021 йил 13 декабрь куни шартномада кўрсатилган 115 445 000 сўмни “Наманган автотеххизмат” ҳисоб рақамига тўлиқ ўтказиб берганини маълум қилган.
Истеъмолчи шартномада кўрсатилган пули тўлиқ ўтказилган бўлса-да, шартнома бекор бўлганини “Наманган автотеххизмат” МЧЖ томонидан “Ўзавтомоторс”га шартномани қайта юбориб, бекор бўлган шартномани қайта тиклаб берилишида Наманган истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятидан амалий ёрдам сўраган.
Юқоридаги ҳолат бўйича федерация ходимлари “Наманган автотеххизмат” МЧЖга мурожаат этди ва ўрганиш ишлари ўтказилди. Ўрганиш давомида маълум бўлдики, автомошина тўлови учун пул мижоз томонидан нотўғри ўтказилгани боис, шартнома бўйича кўрсатилган муддатда ушбу маблағларни қайта тўғрилаб ўтказилгунига қадар “Ўзавтомоторс” томонидан шартнома бекор қилинган.
Наманган вилояти истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари саъй-ҳаракати билан “Наманган автотеххизмат” МЧЖ ҳамда фуқаро А.Мадаминов билан “COBALT” автомашинаси учун тузилган шартнома қайта тикланди хамда республика бўйича 9118-навбатга қўйилди.
Наманган тумани “Хўжақишлоқ” МФЙда яшовчи Лолахон Абдувалиева Наманган тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилиб, ҳовлисидаги 2 сотихлик иссиқхона сифатсиз қурилганидан норози эканини маълум қилган. Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан мурожаат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилганда, фуқаронинг яшаш хонадонидаги иссиқхона ҳолати ҳақиқатан ҳам сифатсиз маҳсулотлардан тайёрлангани аниқланди.
Истеъмолчи ва тадбиркор ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида таъминотчи А.Жалолов билан суҳбат ўтказилди. Таъминотчи ҳақиқатан ҳам Л.Абдуллаевага имтиёзли кредит асосида иссиқхона қуриб берилганини маълум қилди.
Таъминотчига қонуний жиҳатдан тушунтириш олиб борилгандан сўнг истеъмолчи Л.Абдуллаеванинг мурожаати ижобий ҳал этилиб, унинг уйида қурилган иссиқхона таъминотчи томонидан бузиб олиб кетилди. Л.Абдуллаеванинг номига тузилган 14 000 000 сўмлик шартнома бекор қилинди.
Юқоридаги каби ҳолатлар юз бермаслиги учун ҳар бир истеъмолчи шартнома тузаётганда диққатли бўлиши, шартноманинг ҳар бир банди билан яқиндан танишиши, шартномадаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўла англамоғи лозим.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
жамиятлари федерацияси ахборот хизмати