Бу ҳақда Президентнинг “Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳада бюрократик тартиботларни тубдан қисқартиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони (ПФ–157-сон, 08.09.2025 й.)да белгиланган. 

Бунда:

  • жисмоний шахснинг Ягона порталдаги шахсга доир маълумотлари уларнинг қоғоз шаклига тенглаштирилади;
  • ушбу маълумотлар Ягона порталнинг мобил иловасидан фойдаланган ҳолда кўрсатилганда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мазкур маълумотларнинг қоғоз шаклини талаб қилиш тақиқланади.

Шунингдек, 2025 йил 1 ноябрдан:

  • давлат хизматлари марказларига келиб мурожаат қилинганда пенсионер, ҳомиладор аёллар ва 3 ёшга тўлмаган боласи билан келган фуқарога давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш бўйича имтиёз берилади;
  • жисмоний шахсларни ягона идентификация тизимидан (OneID) рўйхатдан ўтказишда муқобил тарзда шахсни биометрик идентификация қилиш (Face ID) тартиби йўлга қўйилади;
  • давлат хизматлари марказларига Ягона портал орқали жорий этилган барча давлат хизматлари бўйича аҳоли ва тадбиркорларга хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади.