11 май куни Қарши шаҳридаги маданият саройида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика маънавият ва маърифат маркази ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан “Шеър ва қўшиқларда Ватан мадҳи” мавзусида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда Қарши давлат университети ва Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабалари халқимиз севган шоирлар ва санъаткорлар билан учрашди.

Тадбирда Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган турли жабҳадаги ислоҳотлар қаторида маънавият-маърифат соҳасига ҳам катта эътибор қаратилаётгани, айниқса, ижод аҳлига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар хусусида сўзлади. Шоир талабаларга она-Ватан, юртга муҳаббат, дўстлик, меҳр-вафо ва Ватан соғинчи мавзусидаги шеърларидан ўқиб берди.

Шундан сўнг, Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, филология фанлари доктори, таниқли адабиётшунос олим Нурбой Жабборов ҳозирги замон ўзбек мумтоз шеърияти ҳақида халқимизнинг севимли шоири Сирожиддин Саййид ижоди хусусида ўзининг илмий қарашларини ифода этди. Бугунги ўзбек адабиётида кечаётган адабий жараёнлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Тадбир назм ва наво кечасига айланиб кетди. Ўзбекистон халқ артисти Оғабек Собиров ижросида янграган шўхчан тароналар талаба йигит-қизларни рақсга чорлади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матёқуб Матчонов айни пайтда кино соҳасида олиб борилаётган ишлар, ўзининг ижодий фаолияти тўғрисида сўзлаб берди.

Кечада Сирожиддин Саййид Қарши давлат университети ўқитувчиси, ёш адиба Муяссар Тилововага  Ёзувчилар уюшмасига аъзолик гувоҳномасини тантанали равишда топширди.

Тадбир сўнггида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Қарши давлат университети кутубхонасига бадиий китоблар тўплами совға қилинди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлими