Хизматкордан чиққан  бой

Ёрқўрғон Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги қадимий қишлоқ. Унинг марказида Қамбарали бой масжиди жойлашган. Кайвониларнинг айтишича, етим йигит Қамбарали шу қишлоқда бир бойнинг хизматкори бўлган, ҳалоллиги, меҳнаткашлиги учун бой уни ўзига куёв қилиб олган.  

Йиллар ўтиши билан Қамбарали меҳнати, тадбиркорлиги, қолаверса қайнотасининг кўмаги билан катта экин далалари, пахта заводи, чорвага эга бўлди. Камбағалпарварлиги, ёши улуғларни, илм аҳлларини ҳурмат қилиши, маросимларда бой ва фақирларни тенг кўриши, сахий, бағрикенглиги боис диёнатли инсон деб ном қозонади.

Тақдир изн сўрамайди

Қамбаралибой биринчи аёлидан бир ўғилли бўлади, исмини Шерхон қўяди, бироқ аёлидан бошқа зурриёд кўрмайди. Кейин у қишлоғидан Рислиғой исмли қизни никоҳига олади. Улар 4 қиз – Ачахон, Ҳабибахон, Каримахон, Отикахон ҳамда 4 ўғил – Абдукарим, Аҳмадали, Садбарали, Абдураҳимжон исмли фарзандларни вояга етказади. Қамбаралибой фарзандларини зиёли, ғайратли, яхши инсонлар қилиб тарбиялашга алоҳида аҳамият қаратади. Тўнғич фарзандидаги иқтидорни кўриб, уни Наманган мадрасасида, кейин Бухородаги Мир Араб мадрасасида ўқитади.

Шўролар ҳукумати тузилиб, мулкдорларга ҳужум бошлангач, бой ўзига тегишли ерларнинг бир қисмини хизматкорларига беради. Унинг қолган ер-мулки, заводлари тортиб олиниб, ўзи аёли Рислиғой ва фарзандлари билан Учқўрғон чўлларига кўчирилади. Бир куни Қамбаралибой қишлоқдаги ҳовлисида қолган катта ўғли  Шерхондан хабар олгани келиб, ўғлига:

— Сен фақат илм бериш билан шуғулланяпсан, сенга давлат ҳеч нима қилмайди, чунки сен бой эмассан, кўнглингни бўлмай, оиланг билан шу ерда яшаб, хотиржам ишлайвер, — дейди. Кейин хайрлашиб қишлоқдан чиқиб кетади. Унинг кейинги тақдири номаълумлигича қолади.

Мулла Шерхон ўз даврининг етук дин пешвоси бўлиб, араб, форс тилларини мукаммал билган, фиқҳ, тафсир ва ҳадис илмини эгаллаган уламо, нуфузли шахс ҳисобланган. Аёли Адолатхон билан Иноятхон, Нурматжон, Ҳамиджон, Саодатхон, Ёқубжон ва Ғуломжон (у гўдаклигида вафот этган) — икки қиз, тўрт ўғил фарзандни вояга етказган.

Сургун

Қамбаралибой бир кечада дараксиз кетгач, 1931 йили совет ҳукумати унинг ўрнига ўғли мулла Шерхонни оиласи билан ва учинчи ўғил Аҳмадалини Украинага сургун қилади. Қулоқ қилинганларнинг барчасини вагонларга жойлаб, Украинанинг Николаев ва Херсон областларига олиб келишади. Мулла Шерхон оиласи Херсон областининг Скадовский районидаги қишлоққа жойлашади.

Мулла Шерхон ташаббуси билан юқори ташкилотларга талабнома ёзилади. Талабномага кўра, 1–10-синфлар учун ўзбек мактаблари очилади. Шу ерда ҳам чақимчилар бўлиб, “Мулла Шерхон никоҳ ўқийди, болаларга яширинча диний билим беради”, деган чақув баҳонасида оила бошлиғини тез-тез сўроққа чақириб туришади.

1937 йил 6 сентябрда Одесса НКВД бошқармаси “учлиги”нинг қарори билан “қулоқ”ларнинг аксилинқилобий гуруҳи аъзоси бўлган, яширин йиғилишлар ўтказган, коммунистик партия тўғрисида туҳмат-бўҳтонлар тарқатган деган туҳматлар билан Шерхон Қамбаралиев 10 йил озодликдан маҳрум этилади.

 Ниҳоят, мулла Шерхоннинг катта ўғли Нурматжон 10-синфни тамомлаган йили қулоқ қилинганлар расмий оқланади. Ҳамма кўчирилганлар қалбини ўз юртига қайтишдек қувончли умид қамрайди. Буйруқда йигитлар Ўзбекистонга келиб, ўқишини давом эттирсин, деган илова бўлиб, давлатнинг мақсади йигитларни оиладан ажратиш эди.

Алғов-далғовли дамлар

Ўзбеклар ўша ерда ҳам ер билан тиллашиб, деҳқончилик қилади. Буғдой, картошкадан мўл ҳосил олиб, пахта етиштиришни йўлга қўяди. Оиланинг катта қизи Иноятхон далада ишлайди,  Ҳожиаҳмад исмли тракторчи йигитга турмушга чиқади. Иноятхон ўта шижоатли, ишнинг кўзини, рус тилини яхши билгани учун аёллар бригадасига раҳбар этиб тайинланади. Кейинчалик Украина Олий Совети депутатлигига сайланади.

Адолатхоннинг кенжа ўғли Ғуломжон Украинада туғилади, лекин оилага қувонч бағишлаган гўдак озгина умр кўриб, оламдан ўтади. Яна бир ўғли Ёқубжон 9 ёшида музда йиқилиб, оёғи синади, доктор йўқлиги туфайли онасининг ўзи даволаши натижасида боланинг суяги нотўғри битиб, чўлоқ бўлиб қолади.

Кейин Иккинчи жаҳон уруши бошланади. Ўша кунларда “Ҳамма ўз юртига кетаркан”, деган хабар тарқалди. Барча қатори Адолатхон оиласи ҳам йўл тадоригини кўриб, не азобда тиклаган мулкларини шундайлигича ташлаб йўлга тушади. Область марказидаги вокзалга келишганда  оиладаги эркакларгина Ўзбекистонга жўнатилади, қолганлар эса орқага қайтади деган хабар эшитишди. Поезд жўнашига ярим соат қолган. Ўшанда муштипар оналарнинг, қизу келинларнинг фарёди оламни тутади, Нурматжон зўрға хайрлашиб, поездга улгуради. Адолатхон дод солади, ўша ердаги ҳарбий киши осмонга ўқ отиб бақиргач, йиғилганларнинг шовқини ўчади.

Ўн олти кун ўрада

Оила қайтиб келса, лўлилар уйларни талаган, ҳамма ёқ вайрона, эшик, ойналар синган... 1941 йил 22 июнда немислар советлар ҳудудига бостириб киради. Эркаклар жангга сафарбар этилади.

Ўша дамда мактаб-интернатни эндигина тугаллаб, шу ерда директорлик қилаётган Ҳомиджон ва тракторчи куёв Ҳожиаҳмад муҳим вазифани ўтаётганлар қаторида урушга олинмайди. Кейинчалик улар Ўзбекистонга кетишади. Нурматжон эса Учқўрғондан урушга юборилади.

Қишлоқ  фронт ичида қолади. Яшаб турган уйлари олдида окоплар қазилади, ишга яроқли жон борки, қопларга қум тўлдириш, ундан девор ясаш билан шуғулланади. 1942 йилнинг кузида немислар қишлоқни тўла эгаллайди. 1943 йилга келиб немислар чекинаётиб, атрофни вайронага айлантиришади. Ўшанда “Ёш қизларни Германияга олиб кетар экан”, деган гап тарқалади. Шунда бечора она 15 ёшли қизи Саодатхонни ўн олти кун ўрада сақлайди. Фашистлар кетгач, кўплаб одамлар улар ташлаб кетган граната, миналар туфайли ҳалок бўлади.

Қишлоқни эгаллаган совет аскарлари орасида бир ўзбек йигити бор эди. Адолатхон ундан ўғли Нурматжон ҳақида сўрайди. Ўзбек аскар Нурматжон билан бирга жанг қилганини, у яраланиб госпиталда даволангач, Ўзбекистонга юборилганини айтади. Агар манзили бўлса, унга хат ёзиб беришса, оиласи, онаси тўғрисидаги хабарни етказишини билдиргач, она дарҳол  қизи Саодатга хат ёздиради.

Қишлоқда ёппасига терлама касали бошланади. Оиланинг асосий ёрдамчиси бўлган кичик қизи Саодатхон хасталикка чалинади. Шифохоналар беморларга тўлиб-тошган, жой йўқлигидан залда ётиб даволанади. Онаси қизи тирик қолганига шукур қилиб, турли дамламалар ичириб, фарзанди ҳаётини сақлаб қолади.

Юртга қайтиш

Кунларнинг бирида Саодат номига мактуб келади. Унда ёзилишича, Нурматжон тузалиб, госпиталдан чиққан, Ҳамиджон Учқўрғон туманидаги 1-ўрта мактабда директор, Ҳожиаҳмад совхозда тракторчилик қилаётган экан. Август ойида Нурматжон онаси қошига етиб келади ва Украинадаги барча қариндошларини, жами 19 кишига ҳужжат тайёрлаб, она юртига қайтариш тараддудига тушади...

Улар олти кун деганда Учқўрғонга кириб келади. Нурматжон тумандаги 17-мактабга директор этиб тайинланади. 1953 йилда Фарғона педагогика институтининг физика-математика факультетини битиради. 1958–1959 йилларда туман халқ таълими бўлими мудири лавозимида ишлайди. Оминахон исмли қизга уйланиб, 7 фарзандли бўлишади.

Алам ўтгач...

…Ўтган асрнинг 80-йиллари бошларида Нурматжон аканинг тўнғич фарзанди Турсунбойни давлат хавфсизлик қўмитасига ишга таклиф этишди-ю, ишга олишмайди. Чунки ёш, ғайратли, ҳамма чиғириқлардан ўтган йигитнинг таржимаи ҳолида “халқ душманининг невараси” деган тамға бор эди. Ҳужжатлар расмийлаштирилади, суҳбатлар бўлади, аммо нега ишга олинмагани сир тутилади. Нурматжон ака суянчиғи бўлиб қолган тўнғичининг ичини алам тирнаганини ҳис қилди-ю, беайблигини исботлашга  бел боғлайди.

Тақдирнинг  оғир синовларидан ўтган уруш қатнашчиси, халқ таълими фидойиси яна тўсиқларга учрайди. Шундай бўлса-да, отаси “қулоқ қилинган” жойларга хат, ариза, сўровнома ёзишдан чарчамайди. Ёзишмалар Россиянинг олис Ухта шаҳридан тортиб, Украинанинг Херсон областигача юборилади. Ниҳоят у Херсон область суди раиси В.И.Жаданенкодан қуйидаги хатни олади.  

“1886 йили Ўзбекистон Республикаси Наманган шаҳрида туғилган Қамбаралиев Шерхон ҳибсга олингунга қадар Херсон область, Скадовский районидаги 1-пахтачиликка ихтисослашган совхоз ишчиси бўлган ва шу ерда истиқомат қилган, 1937 йил 16 сентябрда унга нисбатан Одесса НКВД қошидаги “учлик” томонидан чиқарилган ҳукмни Херсон область суди ўзининг 1979 йил 19 ноябрдаги қарори билан реабилитация қилган”.

Қарийб уч йил мобайнида тегишли идоралардан келган жавоблардан яна шу нарса аёнлашдики, унинг отаси Шерхон Қамбаралиев 1943 йил 6 августда вафот этган, Коми АССР, Печора шаҳридаги “Нагибни” қабристонига дафн этилган экан.

— Ўшанда 1980 йил 17 июнь эди, — дея хотирлайди Турсунбой ака. — Бувим Адолатхон аянинг вафотига 20 кун бўлган. Дадам бирданига отаси яшаган, вафот этган жойларга боришни хоҳлаб қолди. Бу ёқда маросимларни ўтказиб, қўлимиз ҳам калталашган. Зиёратни бироз кейинга суришни сўрадим. Бироқ юзларида табассум билан “Ўғлим, лотереямга “Запорожец” чиққан, шунинг пулини олиб келсанг сафарга ҳам бемалол етарди-да”, деб қолди. Худонинг берганини қаранг. Кейин Рустамжон укам билан йўлга отланишди. Қарийб бир ой давомида Украинанинг Херсон области   Скадовский районида  бўлиб, бобом яшаган жойлар, қўни-қўшни бўлган одамлар билан суҳбатлашиб, олам-олам таассуротлар билан қайтишди. Печора шаҳридаги бобом дафн этилган қабрдан бир сиқиб тупроқ олиб келишди.

Уйга келгач, Нурматжон ака ҳамма қариндошларни жамлаб, битта автобусда бобоси ва отаси яшаган Уйчи туманидаги Ёрқўрғон қишлоғига боришади. Мулла Шерхоннинг қабридан олиб келган тупроқни киндик қони тўкилган жойга қўшишди.

Бош омон бўлса...

Оммавий сургунлар, қатағон, юртдан-юртга кўчириб, беватан қилишлар собиқ шўро тузуми мафкурасининг асоси эди. Уларнинг “қора дафтари” рўйхатига киритилган Шерхон отадек илмли, зиёли, тадбиркор кишилар ана шундай қийноқларга учраган, узоқ юртларга сургун қилинган.

Замонлар ўзгариб, Шерхон Қамбаралиев авлодлари Учқўрғонда униб-ўсиб, озод ва обод юртда яшамоқ бахтига ҳам эришди. Нурматжон ака “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи” унвони, қизи Озодахон “Шуҳрат” медали, ўғли Тоҳиржон “Дўстлик” ордени, Ҳасанбой Отавалиев “Эл-юрт ҳурмати” ордени, Нурдинжон Исмоилов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист” унвони билан тақдирланди.

Ҳа, бош омон бўлса, яхши-ёмон кунлар ўтаверади. Ризқини меҳнати билан топиб, эл орасида ҳурматга сазовор бўлганларга ҳар қанча ҳавас қилсак, арзийди, албатта. Ана шунда тинчликнинг, озодликнинг қадри янада ортаверади.

Азизахон АМИРҲАМЗАEВА

 (Шерхон Қамбаралиевнинг набираси),

Жаҳонгир ТЎХТАСИНОВ,

журналист