Байрам муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда президент матбуот котиби Шерзод Асадов давлат раҳбарининг ўзбек халқига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Табрикда сўнгги саккиз йил давомида амалга оширилаётган ишлар натижасида ўзбек тили ривожида янги давр бошлангани таъкидланган. Шунингдек, тилнинг давлат тили сифатидаги ўрни ва мақомини мустаҳкамлаш, уни замонавий илм-фан, ахборот технологиялари ва халқаро муносабатлар тилига айлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Давлат раҳбари тил сиёсатини янада такомиллаштириш, рақамли оламда ўзбек тилидаги ахборот ва манбаларни кўпайтириш, шунингдек, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиб она тилини ривожлантириш зарурлигига эътибор қаратган.
Қайд этилишича, бу йўналишдаги фаолият ижодкор зиёлилар, таълим-тарбия, маданият, ёшлар, маҳалла ва хотин-қизлар ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари фаолиятида доимо марказий ўринда бўлиши, бутун жамият миқёсида умуммиллий ҳаракатга айланиши зарур.