Тадбирда иштирок этаётган делегатлар кун тартибига мувофиқ, ўз маъруза ва тақдимотларини йиғилганларга ҳавола қилди. Жумладан, унда Ўзбекистон МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов 2025-йил пойтахтимизда ўтадиган ёшлар Осиё ва Параосиё ўйинларига олиб борилаётган тайёргарлик бўйича маълумот берди.
– 2020 йил декабр ойида Ўмон Султонлигининг Маскат шаҳрида ўтган Осиё Олимпия кенгашининг (ООК) Бош Ассамблеясида Тошкент 2025-йил бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларини қабул қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу бўйича ООКнинг махсус комиссияси Тошкентга ташриф буюриб, пойтахтимизнинг имкониятларини таҳлил қилди. Комиссия Тошкент мусобақани бемалол қабул қилиши мумкинлиги ҳақида ўз хулосаларини тақдим этганига қарамай, муҳтарам Президентимиз мазкур ўйинларни юқори савияда ўтказиш учун махсус Олимпия шаҳарчаси ва янги спорт объектларини қуриш бўйича кўрсатма бердилар. Сиз кўриб турган кадрлар “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинлари учун барпо этиладиган янги Олимпия шаҳарчасининг лойиҳасидан. 100 гектардан ошиқ майдонни қамраб олувчи ушбу ҳудудда махсус Олимпия шаҳарчаси ва бир қатор спорт турлари учун янги объектлар, меҳмонлар учун ётоқхона ва бошқа биноларни учратиш мумкин. Айни пайтда лойиҳанинг смета ҳужжатлари тасдиқланиш жараёнида ва 2024-йилнинг сўнггигача қурилиб, фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган, – деди МОҚ Бош котиби.
Ойбек Касимов тақдимот давомида янги қуриладиган спорт объектларининг ўзига хосликлари, қайси йўналишларга ихтисослашган бинолар қурилиши каби мавзуларда батафсил маълумот берди.