Шунингдек, мазкур видеоконференцияда Ҳиндистон Маданият вазири Аржун Рам Мегхвал, Қозоғистон Маданият ва спорт вазири Актоти Раимкулова, Хитой Халқ Республикаси Маданият ва туризм вазирининг ўринбосари Чжан Сюй, Қирғизистон Республикаси Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Кайрат Иманалиев, Покистон Ислом Республикаси миллий мерос ва маданият вазири Шафкат Маҳмуд, Россия Федерацияси Маданият вазирининг ўринбосари Олга Ярилова, Тожикистон Республикаси Маданият вазири Зулфия Давлатзода ҳамда ШҲТ бош котиби Владимир Норов иштирок этди.
Мазкур мулоқот давомида кун тартибидаги бир неча масала кўриб чиқилди.
Хусусан, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасида ўзаро маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари масалалари муҳокама этилиб, давлатлараро маданий алоқаларни мустаҳкамлаш учун улкан салоҳиятга эга бўлган маданий муҳит яратиш лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, мазкур ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари ташаббуси билан 2021 йил Ташкилотнинг 20 йиллиги муносабати билан ШҲТ «Маданият йили» деб эълон қилинганлиги иштирокчилар томонидан маъқулланди.
Барча давлат вакиллари бу давлатлар ва халқлар ўртасидаги маданий алоқаларнинг мустаҳкамланишига замин бўлишига ишонч билдирди.
Бундан ташқари, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида маданий ҳамкорлик тўғрисидаги битимни амалга ошириш, халқаро кўргазмалар, илмий конференциялар, форумлар, фестиваллар танловлар, маданият кунлари каби тадбирлар доирасида ижодий жамоалар, миллий ижрочиларни жалб этиш лозимлиги айтиб ўтилди.
Шу билан бирга, ташкилот котибиятига жорий йилнинг 16-17 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо давлат Раҳбарлари кенгаши доирасида маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича имзоланиши кўзда тутилган Битим лойиҳаси тавсия қилинди.
Мулоқот давомида кўрилган масалалар қаторида ШҲТга аъзо давлатлар санъат фестивалларининг гала концерти тўғрисидаги низоми имзоланди. Учрашувда сўз олган Маданият вазири Озодбек Назарбеков ўз нутқида Ўзбекистон кўп қиррали савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳасидаги ҳаракатларни қўллаб қувватлашини таъкидлаб, пандемия даврида ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида театр, музей, мусиқа ва кино соҳасида ҳамкорликда онлайн лойиҳаларни амалга ошириш таклифини илгари сурди. Учрашув иштирокчиларини мамнуният билан 2021 йил 14-15 сентябрь кунлари Хива шаҳрида бўлиб ўтадиган «Марказий Осиё дунё цивилизацияси чорраҳасида» маданият форумига таклиф этди.
Учрашув якунида томонлар йирик маданий тадбирларида иштирок этишдан манфаатдор эканликларини таъкидлаб, театр музей ва кутубхона соҳаларида қўшма онлайн лойиҳаларни фаол ривожлантиришни давом эттиришга келишиб олишди.
ШҲТга аъзо давлатлар маданият вазирларининг навбатдаги учрашувини 2022 йилда ўтказиш тўғрисида келишиб олинди.