Унда 24 март куни соат 23:15 ларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг токсикология қабул бўлимига  пойтахтнинг Олмазор туманида истиқомат қилувчи 37 ёшли фуқаро У.Н. онаси ҳамроҳлигида олиб келингани ҳамда бу ерда бошқа беморларга хизмат кўрсатаётгани учун ўз хизмат фаолиятини ўтаётган навбатчи шифокор Н.Тошпўлатовага тан жароҳати етказгани ҳақида айтилганди. 

Шифокор Н.Тошпўлатова “Қўшма краниофациал жароҳат. Бош мия ёпиқ жароҳати. Бош миянинг оғир даражада лат ейиши. Субарахноидал қон қуюлиши. Бурун суяклари ва бурун тўсиғи синиб силжиши. Энса ва бурун соҳалари юмшоқ тўқималарининг лат ейиши. Назогеморрея” ташхиси ва бош мия шиши асорати билан нейрохирургия бўлимига ётқизилган эди. 

Ўша пайтдаёқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан қонунга мувофиқ ҳукм чиқарилишини сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат билан чиққан эди. 

Шундан сўнг тиббиёт ходимига қўл кўтарган фуқарога нисбатан жиноий иш очилиб, суриштирув ишлари бошланган.

Жараён якунлангач, 2021 йилнинг 2 ноябръ куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида фуқаро У.Н.га нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Судланувчига жазо тури ва муддатини тайинлашда фуқаронинг муқаддам  судланмагани, ўз айбига иқрорлик билдириб, қилмишидан пушаймонлиги, оилавий шароити ҳамда касаллиги, маҳалла фуқаролар йиғини томонидан берилган илтимоснома жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳоланди. Аммо судланувчининг мазкур қилмишни ғаразли ниятда ҳамда мастлик ҳолатида содир этгани жазони оғирлаштуравчи ҳолатлар сифатида баҳолангани айтилди.

Ҳукмга кўра, У.Н.га нисбатан қўлланилган “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси ўзгаришсиз қолдирилди. Айбланувчига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми билан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт ходимларига нисбатан зўравонлик ҳолатларига  муттасил қарши курашиб келади ва барча юртдошларимизга уларнинг саломатлигини сақлаш йўлида меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларининг ҳақ-ҳуқуқлари ва инсонлик шаънига ҳурмат билан қараш лозимлигини яна бир бор эслатиб ўтади.