Нафақат ижрочи, балки тингловчи ҳам тўлиб ва тўкилиб куйлайди, тинглайди. Ўзбек опера санъатида ҳам кундан кунга ижобий ўзгаришлар бўлаётгани маълум. Хўш, тингловчи аудиториясида-чи? Бу борада андижонлик опера ҳонандаси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, “Шуҳрат” медали соҳибаси, кўплаб халқаро танловлар ғолиби Ширин Маматованинг фикр-мулоҳазаларини ёзиб олдик.
“Бугун камдан-кам одамлар, айниқса, ёшлар операни тушунади, эшитади. Шунга қарамай тобора халқ классик ижрога қизиқиб бораётгани сир эмас. Опера спектакллари томошабинлари ҳали у қадар кўп бўлмаса-да, концертларга кўпчилик қизиқиб келиши, айрим операларни ижрочи билан бирга куйлаши кишини хурсанд қилади, академик ижрога қизиқиш ортиб, аудиторияси кенгайиб бораётганини кўрсатади. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган “Open air” концерт дастурларини бунга мисол қилиш мумкин.
Қолаверса, Консерватория талабалари орасида ҳам бугун ушбу мураккаб, айни дамда нафис санъат турига қизиқувчилар сафи ортиб бораётганини кузатябмиз. Мен ҳам 2010 йилгача эстрада йўналишида ижод қилганман. Аммо университетга ўқишга кираётганимда кўп устозлар овозимни операга ҳам мослигини айтишган. Айниқса, дадам операчи бўлишимни жуда хоҳлаган эдилар. Албатта, аввалбошда академик ҳонандалик йўналишида ўқишга қийналганман. Аммо кейинчалик ушбу санъат тури менинг ҳаётимга айланди.
Яна бир фикрни айтиб ўтишни хоҳлардим, опера асарларига ҳар доим эҳтиёж сезилади. Бастакорлар кам, асарлар ундан ҳам кам. Асосан хорижий асарлардан фойдаланамиз. Аммо “Майсаранинг иши”, “Кумуш” каби бетакрор опера асарлари яна яратилишига ишонамиз ва кутиб қоламиз.” – дейди ҳонанда.
Юлдуз Ўрмонова ёзиб олди