Ўн сотих ерда плёнка остида парваришланган “Докорол” қовун навлари эртапишарлиги, ширин таъми билан ажралиб туради. Айни кунда бир килограмм қовун улгуржи нархда 30-35 минг сўмдан сотилмоқда.

– Дастлабки ҳосилнинг ўзидан 50 миллион сўмдан ортиқ даромад олишни кўзлаб турибмиз,–дейди уста томорқачи пайкал оралаб пишган қовунларни саралаб. – Маҳсулотларимизни ички бозордан ташқари, яқин қўшни мамлакатларга ҳам экспорт қиламиз. Ўтган йили Россияга ҳам қовун сотганмиз.

Томорқачиликни ривожлантириш, миришкор томорқачилар иш тажрибаларини оммалаштириш, қўллаб-қувватлашган бўлган эътибор туфайли маҳалла ҳудудида томорқачилик тобора тараққий этиб бормоқда. Айни кунда 754 та аҳоли томорқасидаги 35 гектар ерда эртанги қонув етиштириш йўлга қўйилган.

– Ўтган йилнинг ўзида аҳоли томорқа хўжаликларида полиз ва сабзавотчилик йўналишида иссиқхона ташкил этиш учун 300 млн. сўм имтиёзли кредит маблағлари берилган, – дейди “Бесаранг” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилмурод Қосимов. – Жорий йилда томорқачилик, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун 1 млрд. 200 млн. сўм кредит маблағлари ажратиш борасида амалий таклифлар бердик.

 Расулжон Камолов,

 “Янги Ўзбекистон” мухбири