Олти ярим йил. Менимча, мана шу давр миллий ривожланишимиз учун катта ўзгариш ясади. Тобора интенсив ривожланаётган давлатимиз тараққиётнинг ҳар томонлама мувозанатли кечиши учун жиддий қадамлар қўймоқда. Бугун Янги Ўзбекистоннинг жаҳондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш, самарали ташқи ва ички сиёсат юритиш мутахассислар зиммасига ҳар қачонгидан-да масъулиятли вазифалар юклаяпти. Бундай мураккаб вазифаларни самарали бажариш сифатли таълим олаётган, халқимиз ва Ватанимиз манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўядиган малакали миллий кадрларга боғлиқ.
“Таълим сифатини ошириш — Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир”, деди Президентимиз Олий Мажлисга ва халқимизга Мурожаатномасида. Демак, соҳада бошланган ислоҳотларни изчил давом эттириш, таълимтарбия муассасаларида мавжуд муаммоларни ўқитувчилар билан биргаликда ҳал қилиш, умуман, таълим сифатини ҳар томонлама яхшилаш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва бир-биримизга кўмаклашишимиз жуда муҳим. Бундай масъулиятли ишда ҳар биримиз фаол иштирок этишимиз ва барча имкониятларни сафарбар этишимиз керак.
Президентимиз таъбири билан айтганда, “Ҳарбий таълим ва ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида, миллий ўзлигимиз, эзгу қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялаш тизимини янада такомиллаштириш барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир”. Асл муаллим ва мураббийлар илм-фан, одоб-ахлоқ, ҳалол меҳнат ва ҳақиқатни севадиган камтар авлодни етиштириб берсагина тараққиёт йўлидаги кўплаб тўсиқлар бартараф этилади. Япония, Сингапур, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатлар тажрибаси шундан далолат беради.
Демак, бутун диққат-эътиборни Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун энг катта инвестиция бўлган таълим сифатини қўллаб-қувватлашга қаратмоғимиз лозим. Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Миллий давлатчилигимизни тиклаб, бизга тараққиёт ва фаровонликка эришиш йўлида мана шундай беқиёс имкониятларни яратиб берган истиқлолимиз жонажон Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин, ўчмас саҳифа бўлиб қолади... Мамлакатимиз мустақиллиги ва суверенитетини, сарҳадларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган Қуролли Кучлар барпо этилди”, дея таъкидлади.
Ҳозир жаҳондаги мураккаб вазият биздан ишнинг кўзини билиб, кечаю кундуз фидойи бўлиб, самарали меҳнат қилишни талаб этади. Амалга оширилган ишларга қўшимча равишда янги, замонавий ҳарбий таълим тизими жорий этилди, бир қатор ҳарбий таълим муассасалари ташкил этилиб, курсантларни ўқитиш кўп тармоқли асосда йўлга қўйилди. Юқори бўғин қўмондонлик офицерларини тайёрлаш ҳамда мудофаа қурилиши соҳасида илмий тадқиқотларни амалга ошириш янги босқичга олиб чиқилди.
Бу борада, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси ғоят муҳим ўрин эгаллаб келмоқда. Очиғини айтганда, Қуролли Кучлар академияси мамлакатимизнинг бошқа олий ҳарбий таълим муассасаларига муқобил ва рақобатчидир. Демак, битирувчилар ўз йўналиши бўйича намуна бўлиши керак. Улар сиймосида ҳарбий иш сир-асрорини пухта эгаллаган, буюк саркардаларимизнинг жанговар руҳи ва маҳорати акс этган Янги Ўзбекистон ҳарбийлари, офицерлари гавдаланиши лозим.
Давлат ва жамият тараққиёти инсон омилига боғлиқ экан, унинг савиясини, билим ва салоҳиятини юксалтириш энг долзарб масалага айланади. Президентимиз юртимиз бўйлаб қайси корхона ёки ташкилотда бўлмасин, мутасаддилар билан учрашмасин, албатта, учта сўзни такрорлаши ва талаб этиши бежиз эмас. Булар — сифат, самара ва натижадорлик. Қилинган ҳар бир ҳаракатнинг натижаси ва самараси сифатга боғлиқ бўлади. Мана шу сифатни эса яхши таълим олган етук кадрлар таъминлайди.
Шу ўринда америкалик психолог Линда Жуэллнинг фикрларини келтириш ўринли: “Ақл билан бошқаларни лол қолдириш қийин бўлган, қаҳрамонлик кўрсатиш имконияти чекланган ҳозирги тезкор замонда ходимлар мавқеини ошириб, лидерлар таъсирини сусайтиришга қаратилган бошқарув анча самарасиз бўлади. Одамларга эркин фаолият юритиш ва самарали ишлаш йўналишини белгилаб берадиган раҳбарни супер лидер деб баҳолаш керак. Демак, супер лидерларнинг бошқариш доираси кенг бўлгани учун атрофида ўзидан лавозим бўйича пастроқ, лекин раҳбарлик қилиб обрў орттирган одамларнинг бўлиши манфаатлидир”.
Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда Ватанга муҳаббат ҳисси Президент тимсоли орқали халқимиз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда турмуш тарзи фаровонлигини ошириш ҳисобланади. Янги Ўзбекистон тараққиёти ва равнақи, унинг Осиёдаги қудратли, ривожланган давлатга айланиши ҳамда дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслигини таъминлаш асосий вазифа бўлиб қолади.
Академияда чуқур ҳарбий таълим ва жанговар тарбия бериш билан бирга, ёшларнинг назарий билимини амалиёт билан уйғунлаштириш муҳим аҳамият касб этади. Шундай экан, профессор-ўқитувчилар, катта тажрибага эга амалиётчи устозларнинг курсант ва тингловчилар учун маънавий-маърифий, ахлоқий-руҳий ҳамда ватанпарварлик дунёсини, шунингдек, жанговар тайёргарлигини оширишга қаратилган имкониятини янада кенгайтириш талаб этилади. Бунинг учун уларга ижодий амалий вақт яратиб бериш, уни мазмунли ўтказишга шароит ҳозирлаш жуда муҳим.
Яқин ўтмишга назар ташласак, ўқув йили ибтидоси педагогларнинг ёзилмаган йиллик иш режасида пахта терими мавсуми бошланишини англатарди. Қаҳратон қишга қадар давом этадиган бу мавсумни бўлғуси офицерлар ва профессор-ўқитувчилар ёлланма теримчи сифатида пахта даласида ўтказарди. Ёз ойларида эса улар ғалла йиғим-терими ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинарди. Бундан ташқари, ободонлаштириш, аҳолидан коммунал тўловларни йиғиш, қурилиш ишларида ҳам дастёрлик муайян даражада улар зиммасида эди.
Президентимизнинг ўтган йил 23 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан академиямизда ҳарбий кадрларни тайёрлашнинг янги даври бошланди. Жумладан, профессор-ўқитувчиларнинг тажрибасидан келиб чиқиб, “Миллий ифтихор, бурчга садоқат ва жасорат” тамойили асосида “устоз-шогирд” тизими жорий этилди. 2022/2023 ўқув йили мобайнида тажрибали профессор-ўқитувчилар барча курсантларга бириктирилди. Ҳарбий хавфсизлик ва давлат мудофааси факультетининг 1-2босқич тингловчилари 2-4-босқич курсантларига бириктирилди ҳамда улар билан режа асосида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Таълим нафақат давлатнинг, балки бутун халқнинг диққат марказида бўлсагина сифат ва самарадорликка эришиш мумкин. Биринчи навбатда, бу масалага ота-оналар ва мактаб педагоглари жамоаларининг эътиборини ошириш даркор. Чунки мактабда миллат келажаги тарбияланади. Ўқувчиларни қуйи синфлардан бошлаб миллий ўзлигимиз ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, бой тарихий меросимизни ўргатиш асосида уларда мамлакат тақдири учун жавобгарлик ҳиссини, юксак ҳарбий-ватанпарварлик ва ҳарбий касбга қизиқишни шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.
Иккинчидан, умумтаълим мактаблари, махсус мактаб ва лицейлар битирувчиларига алоҳида урғу берилиши бежиз эмас. Умумтаълим ва Жалолиддин Мангуберди мактабларида, шунингдек, “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейида “академия гуруҳлари”ни ташкил этиш катта аҳамиятга эга. Улардаги ўқувчилар орасидан ҳарбий касбни танлаганлар танлов орқали қабул қилинади. Бу уларнинг академик таълимдаги ўқиш ва ўзлаштиришдаги натижадорлигига улкан имконият яратади.
Миллий армиямиз моддий жиҳатдан энг замонавий ва зарур воситалар билан таъминланган бўлиши мумкин, лекин маънавий ва ахлоқий-руҳий жиҳатдан заифлиги, жанговар руҳи, Ватанга содиқлик ва муҳаббат, унинг тақдири учун масъулият ҳисси йўқлиги ёки лоқайдлик тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун сифат жиҳатидан маънавий-маърифий ва жанговар тайёргарликни амалга оширишга қаратилган ҳамда амалиёт билан боғланган таълим тизимини жорий этиш муҳим аҳамиятга эга.
Курсантларда миллий ғурур ва жанговар руҳни тарбиялаш, уларнинг жисмоний ва интеллектуал имкониятларини рўёбга чиқариш мақсадида тарих ва миллий ҳарбий мерос, миллий мусиқа ва чолғу, бахшичилик, рассомлик, ҳарбий журналистика, шахмат”, “Заковат” клуби, миллий кураш, ўзбек жанг санъати, қўл ва пичоқ жанги, сузиш, бокс, тош кўтариш, енгил атлетика, шунингдек, инсон жисмоний такомиллашувининг замонавий усулларини ўзида мужассам этган кроссфит тўгараклари ташкил этилди.
Шу ўринда Президентимизнинг “Буюк тарихимиз, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ аждодларимизнинг саркардалик маҳорати ва дунё ҳарбий санъати ривожига қўшган ҳиссаси ҳамда уларнинг қўшинларидаги лашкарбошиларнинг садоқати ва мардлигини шахсий таркиб ўртасида кенг тарғиб этиш лозим”, деган фикрларини эслатиш жоиз.
Шунга кўра, академияда Бобурнинг ҳаёти ва фаолияти қиёсий-таҳлилий ўрганилади. Унинг қаламига мансуб рубоийлар ҳарбий хизматчилар томонидан ижро этилмоқда, саркардалик маҳорати ва шоирлик фаолияти акс эттирилган видеолавҳа тайёрланиб, интернет саҳифаларига жойлаштирилмоқда. Академияда ташкил этилган “Курсантлар театри” тўгараги томонидан саркарданинг дунё ҳарбий санъати ривожида муҳим аҳамият касб этган Панипат жанги саҳналаштирилди. Бобуршунос олимлар иштирокида профессор-ўқитувчилар, курсант ва тингловчилар билан “Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳарбий санъати” мавзусида маърифий тадбир ташкил этилди.
Айни кезда Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи берилган курсантлар гуруҳи томонидан ўрта асрлар жанг майдонидаги қўшинлар манёври бўйича саркарда томонидан асос солинган ўзига хос усул — тўлғаманинг мазмун-моҳиятини очиб берувчи анимацион роликлар яратиш, илмий тадқиқотлар маркази томонидан эса “Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг дунё ҳарбий санъатига қўшган ҳиссаси” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказишга тайёргарлик олиб борилмоқда.
Илмий тадқиқот ишлари самарадорлигини ошириш, ёш ҳарбий кадрларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш ҳамда салоҳиятини ошириш бўйича академияда қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Сўнгги тўрт йилда ўқув муассасасининг илмий салоҳияти 19,4 фоиздан 47 фоизга кўтарилди. Академия докторантурасида ҳарбий фанлар соҳасининг 19 та ихтисослиги бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Илмий педагогик кадрлар ва изланувчилар учун ҳарбийилмий фаолиятни ташкил этиш ва бошқариш соҳасида қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилди. Ўтган йили академиянинг 9 нафар тадқиқотчиси фалсафа доктори диссертациясини муваффақиятли ёқлади. Шу билан бирга, 13 нафар профессор-ўқитувчига доцент ва профессор илмий унвонлари тақдим этилди. Натижада академия илмий салоҳия ти 53 фоизга кўтарилди. 2023 йилнинг якунига қадар илмий салоҳиятни 60 фоизга етказиш режалаштирилган.
Юқори кўрсаткичларга эришиш учун барча сафарбар этилди ва оқилона механизм сифатида илмий эксперт гуруҳи шакллантирилди. Ўтган йилда академия профессорўқитувчилари ва илмий ходимлари Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ажратилган 5 та лойиҳани муваффақиятли якунлади. Ҳозир 20212023, 20232025 йилларга мўлжалланган, жами 5,2 миллиард сўмлик 5 та лойиҳа устида илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Улуғ муаллим Конфуций “Умрида йиқилмаган киши буюк эмас, неча бор йиқилган, аммо ўрнидан шаҳд билан туриб, ўзига ишонч билан олдинга интилган одам буюкдир”, деган. Унинг яна бир фикри шуки, йўлга мақсадсиз чиққан инсон, шубҳасиз, фалокатга йўлиқади. Қуролли Кучлар академияси жамоаси сўнгги йилларда эришган ютуқлари, йўл қўйган хатокамчиликларини холис баҳолаб, уларни қайта такрорламаслик тадоригини кўриб, аниқ мақсад билан олдинга интилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида, жумладан, бундай деди: “Энг бебаҳо олий неъмат — тинчлигимиз ва осойишталигимизнинг қадрига етайлик, оилаларимиз, фарзандларимиз, келгуси авлодларимизнинг бахту камоли учун бу улуғ бойликни асраб-авайлайлик! Шу мақсадда биз ёшларимизни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг она юртга меҳри ва садоқатини оширишга янада кўпроқ аҳамият беришимиз керак”.
Шундай экан, барча эзгу мақсадларга эришиш йўлида бор имкониятимизни ишга солиб, курсант ва тингловчилар билан ҳар бир машғулот ёки тадбирга жамиятимиз саодатининг асосий шарти сифатида чуқур ёндашсак, ҳарбий кадрлар тайёрлашда сифат, самара ва натижадорликка эришамиз, албатта.