Делегацияга Циндао шаҳрининг мери ўринбосари Лю Цзяньцюнь бошчилик қилди. Шунингдек, учрашувда ҳокимликнинг ҳамда «Хитой – ШҲТ» пилот минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳудудининг мутасаддилари иштирок этди.
Ж. Ортиқхўжаев меҳмонларга ташриф учун миннатдорлик билдириб, ўзбек-хитой алоқаларининг муваффақиятига давлатларимиз раҳбарлари томонидан олий даражада ўрнатилган мулоқот замин яратганини таъкидлади. Жорий ташриф ҳам Хитой шаҳарлари билан Тошкент ўртасидаги ҳамкорликда янги саҳифа бўлишини айтиб, уни янада мустаҳкамлаш мақсадида шаҳарсозлик, ободонлаштириш, таълим, тиббиёт каби соҳаларда халқаро форумларни ташкиллаштириш, ўзаро маданий мулоқотни янада жадаллаштириш таклифини билдирди.
Ўз навбатида, Лю Цзяньцзюнь илиқ қабул ва таклифлар учун миннатдорлик билдириб, мазкур ғоялар Хитой тарафининг мақсад ва интилишлари билан ҳамоҳанг эканини маълум қилди. Тошкент шаҳри шунчаки пойтахт эмас, балки мамлакатимизнинг сиёсий, илмий, иқтисодий, технологик маркази эканлигини таъкидлади. Шунингдек, Циндао порт шаҳри ва унда ташкил этилган «Хитой – ШҲТ» пилот минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳудуди ҳақида батафсил маълумот берган меҳмон, уларнинг халқаро савдо-иқтисодий коридорда муҳим ўрин эгаллашини айтди.
Жаноб Цзяньцзюнь гуманитар ҳамкорлик доирасида шаҳарларимиз ўртасида дўстона форумни ташкиллаштириш, савдо-иқтисодий ҳамкорлик доирасида порт ва сув йўли имкониятларидан фойдаланган ҳолда ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш ҳамда таълим соҳасидаги муносабатларни жадаллаштириш каби қатор таклифларни билдирди, шунингдек, Циндао шаҳрига пойтахтимиз делегациясининг ташрифидан мамнун бўлишини маълум қилди.
Бунга жавобан, пойтахт ҳокими таклиф учун миннатдорлигини, билдирилган барча фикрлар Тошкент учун ҳам манфаатли эканлигини айтиб, ҳокимлик самарали мулоқотга доим тайёрлигини билдирди.
Самимий руҳда ўтган учрашувдан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновациялар ва технологиялар трансфери миллий бюроси ва Хитой-ШҲТ технологиялар трансфери маркази вакиллари ўртасида тузилган ўзаро англашув меморандуми миллий бюро бош директори Олимжон Тўйчиев ва марказ директори Чжао Цзунюань томонидан имзоланди, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.