Департаментнинг Гулистон шаҳар бўлими томонидан Президентнинг 2026 йил 12 майдаги ПҚ-179-сонли ҳамда 5 августдаги ПҚ-293-сонли қарорлари ижроси юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ карантин тадбирларини ташкил этиш гуруҳи ходимлари билан ҳамкорликда рейд ўтказилди.

Тадбир давомида фуқаролар А.О., М.К. ва Гулистон шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ветеринария врачи Ш.Б. олдиндан жиноий тил бириктириб, расмий ҳужжатларни сохталаштирган ҳолда хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган гўшт маҳсулотини ташиш ва сотишга урингани аниқланган.

Маълум бўлишича, 235 килограмм йирик шохли ҳайвон гўшти Ш.Б. томонидан расмийлаштирилган ветеринария маълумномасидан фойдаланган ҳолда фуқаро М.К. томонидан Тошкент шаҳридаги «Чорсу» деҳқон бозорига сотиш учун олиб кетилаётган бўлган.

М.К. Сирдарё тумани ҳудудидан чиқувчи ЙПХ постида тўхтатилиб, ундан 235 килограмм гўшт ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Сирдарё вилояти Ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази хулосасига кўра, олиб қўйилган гўштнинг бир кўриш майдонида инсон саломатлиги учун хавфли бўлган 30 дан ортиқ E.coli ичак таёқчалари аниқланган. Маҳсулотлар истеъмолга яроқсиз деб топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 276/11-моддаси 2-қисми «б» банди ҳамда 228-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.