“Сирдарё” чегара божхона пости 1991 йил ноябрь ойида ташкил этилган. Божхона постининг умумий майдони 2 гектар бўлиб, Қозоғистон Республикасининг “Атамакен” чегара божхона пости билан ёнма-ён жойлашган. “Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикалари Ҳукуматлари ўртасидаги Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегараси орқали ўтиш пунктлари тўғрисида”ги Битимга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, 2017 йил 1 августдан Халқаро (кўп томонлама) мақомига ва “туну-кун” иш режимига ўтказилган.

Бугунги кунда, фуқаро ва автотранспорт воситаларининг ҳаракати кескин ортиб, пост орқали ўтган йилда 1 560 191 нафар  фуқаро, 81 108 та автотранспорт воситалари ҳаракатланган.

Бундан ташқари, “Сирдарё” чегара божхона пости томонидан 2019 йил мобайнида жами 291 та контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқланган бўлиб, улар бўйича ҳуқуқбузарлардан жами 3,1 миллиард сўмлик товар-моддий бойликлари ашёвий далил сифатида олинди.

Давлат божхона қўмитаси томонидан постнинг маъмурий ва дам олиш бинолари, ҳудуддаги назорат ўтказиш жойлари ҳамда  ошхона ва ювиниш хоналарида 1 миллиард 351 миллион сўмлик замонавий усулдаги қурилиш-реконстркукция ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.

Бундан ташқари Давлат божхона қўмитаси томонидан “ИСУЗИ” русумли  замонавий  автобуси ажратилди. Шунингдек, “Сирдарё” чегара божхона пости орқали ҳаракатланаётган барча турдаги автотранспорт воситаларини самарали божхона назоратидан ўтказиш, божхона пости ўтказувчанлигини ошириш ва кўрик вақтини қисқартириш мақсадида умумий қиймати 3,1 миллион АҚШ долларига тенг бўлган Буюк Британияда ишлаб чиқирилган “Rapisсan Eagle M60” русумли мобиль Инспекцион-кўрик мажмуаси ажратилди.

Ҳозирда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари яратилган имкониятлардан кенг фойдаланиб, карантин қоидаларига тўлиқ риоя этган ҳолда, масофадан туриб, электрон тарзда божхона расмийлаштирувини аввалгидан тез ва сифатли амалга оширмоқда.

Юртимизда пандемия шароити давом этишига қарамай божхона постларида ходимлар ахборот технологияларини ҳамда божхона назоратининг техник воситаларини кенг қўллаган ҳолда товарлар устидан тез ва сифатли божхона назоратини амалга ошириб, ташқи савдо юкларининг ўз вақтида манзилига етиб боришини таъминламоқда.

Анвар ҚОРАБОЕВ,

Сирдарё вилояти божхона бошқармаси

Ахборот хизмати раҳбари, подполковник