Ушбу амалиёт Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиалининг «Рентгенендоваскуляр» хирургия бўлимида сирдарёлик мутахассислар томонидан муваффақиятли бажарилди.
Бу турдаги юқори технологияли жарроҳлик амалиёти учун филиал ва Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ўртасида тузилган шартномага биноан, давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан 829 миллион ва 357 миллион сўм миқдоридаги пул маблағлари йўналтирилди.
— Ўтган йили мутахассисларимиз томонидан юрак, юрак қон томир тизимида бир қатор юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари бажарилди, — дейди Сирдарё филиали директори Шуҳрат Ҳусанов. — Жумладан, 856 нафар беморда коронаронгиография текширувлари, 324 нафар беморда коронар артерияларида стентлаш, 2 нафар беморда ЭФТ ва РТА амалиётлари, 3 нафар беморга доимий электрокардиостимулятор ўрнатиш амалиёти, 5 нафар беморда кам учрайдиган юрак туғма нуқсонига окклюдер қуйиш, 22 нафар беморга шунтография, 3 нафар беморга вентрикулография ўрнатиш ишлари бажарилди. Юқорида кўрсатиб, айтиб ўтилган амалиётлар учун бундан бир, бир ярим йил муқаддам сирдарёлик беморлар Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий амалий тиббиёт марказига, Россия ва Ҳиндистон каби давлатларга боришга мажбур бўлар эди. Эндиликда буларнинг барчаси шу ерда, Сирдарёда сирдарёлик эндоваскуляр хирурглар томонидан амалга ошириляпти.
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиалидаги «Рентгенендоваскуляр» хирургия бўлимида юрак қон томири тизими билан боғлиқ касалликлар билан касалланган беморларга ёрдам кўрсатиш мақсадида 30 турдаги юқори технологик амалиётлар йўлга қўйилди. Ундан ташқари россиялик ва туркиялик мутахассислар билан ҳамкорлик алоқалар ўрнатилди. Бу эса юқори технологик жарроҳлик амалиётларини Сирдарёда ўзлаштириш, уни амалиётга жорий этиш имконини беряпти.
Ғулом Примов,
Сирдарё вилоят
Соғлиқни сақлаш бошқармаси
матбуот котиби.