Мазкур филиалда ўтган йили 3 минг нафардан ортиқ бемор даволанган бўлса, уларнинг аксарияти нур терапияси олиш учун пойтахтга боришига тўғри келган эди. Энди эса оворагарчиликларнинг олди олинди. Чехия давлатидаги UJP PRAHA фирмасидан Ислом тараққиёт банкининг 4.5 миллиард сўм пул маблағи ҳисобига келтирилган Терабалт нур аппаратини ўрнатиш ишлари ниҳоясига етказилди.

Вилоят ҳокимлиги томонидан бинони қайта таъмирлаш учун 200 млн сўм қўшимча пул маблағ ажратилди. Қолаверса, 2 метрлик қалин девор ичига ўрнатилган мосламани ишлатиш учун 3 нафар марказ ходими Белоруссиянинг Минск шаҳрида, 4 нафар ҳамшира Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида малака ошириб келишди.

Шифохонада 106 нафар тиббиёт ходими фаолият юритади. Янги ускуналарнинг келтирилиши жамоа ишини енгиллашишига ва беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошишига ёрдам беради.

Хулоса ўрнида айтганда, онкологик касалликларни олдини олиш ва даволаш мақсадида Сирдарёда муҳим қадам ташланди. Бундай юқори технологияга асосланган, инновацион ва замонавий ускуна билан таъминланиши Давлатимиз раҳбарининг қолаверса, Сирдарё вилоят ҳокимлигининг халқимиз саломатлигини сақлаш йўлида олиб бораётган оқилона сиёсати маҳсули деса бўлади.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати