Яқинда, 16-17 апрелда диспансер ходимлари учун яна бир қувончли хабар бор. Россия Федерациясининг Москва шаҳрида жойлашган Бакулев номидаги Қон-томирлар жарроҳлиги марказидан, Эндоваскуляр хирургия бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори Петросян Карен Валеревич, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари номзоди Хуршид Фозилов ҳамда Сирдарё вилоят кардиология диспансери Рентген эндоваскуляр хирургия бўлими мудири, эндоваскуляр хирург Хуршид Хакимовлар иштирокида навбатдаги маҳорат дарслари ўтказилади.
Бугунги кунда юрак-қон томир касалликлари билан боғлиқ касалликларни даволаш, хавф омилларини коррекция қилиш, беморлар орасида учраётган ўлим кўрсаткичларини камайтириш масаласи энг долзарб масалалардан бири бўлиб турибди.
Сирдарё вилоятидаги вилоят кардиология диспансерида юрак қон-томир касалликлари билан касалланган беморларни даволаш учун бугунги кун талабига жавоб бера оладиган шарт-шароит яратилди. Соҳага илғор инновацион диагностика воситалари татбиқ қилинди ва янги замонавий тиббий жиҳозлар келтирилиб ўрнатилди. Бундан ташқари юрак коронар томирлари билан боғлиқ касалликлар билан касалланган беморларда мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказиш хизмати йўлга қўйилди.
Бу албатта яхши. Чунки бундай хизматларга муҳтож бўлган беморлар вилоятда анчагина. Буни соҳа ходимлари яхши билганлиги боис, қисқа фурсатда ана шундай, юрак қон -томирларида муаммолари бор беморларни чуқурлаштирилган текширувлардан ўтказиш, уларда мураккаб жарроҳлик амалиёти яъни коронар қон томирларига стент қўйиш амалиётини ўтказмоқда. Айни вақтда улар ўтказган мураккаб жарроҳлик амалиётларининг сони 80 дан ошиб кетди.
Яқинда мазкур диспансерда Эндоваскуляр жарроҳлик бўлими очилди. Унга замонавий коронаграфия аппарати келтирилиб ўрнатилди. Шу билан бирга малакали мутахассис масаласи ҳам ҳал этилди. Асли Сирдарёлик бўлган, Тошкент тиббиёт академиясини тугатиб, Россиядаги Бакулев номидаги юрак қон-томир марказида ординатурани тамомлаб, ўша марказда аспирантурада таҳсил олиши баробарида Москва вилоятининг Егоровский шаҳридаги район шифохонасининг қон-томир хирургия бўлимида эндоваскуляр мутахассис бўлиб ишлаётган Хуршид Хакимовни вилоятга келди.
Ўтказилиши кўзда тутилган маҳорат дарси ва ўқув-амалий семинар тренингда вилоятдаги барча кардиолог ва терапевт шифокорларни иштирок этиши вилоятда кардиология соҳасига бўлган эътиборни ошганлигидан далолат беради.
Белгиланган режага асосан Россиядан ва Тошкентдан келган олимлар Сирдарёлик мутахассислар билан ҳамкорликда 4 нафар беморнинг коронар қон-томирларида юқори технологик жарроҳлик, стентлаш амалиётини, бир нафар беморнинг оёқ қон-томирларида стентлаш амалиётини ўтказади, деб хабар беради Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати.