Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида сенаторлар, кенг жамотчилик вакиллари ҳамда етакчи оммавий ахборот вқоситалари ходимлари учун «Сардоба» сув омборида юзага келган тошқин оқибатида зарар кўрган ҳудудларда олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида пресс-тур ташкил этилди, деб хабар бермоқда ««Дунё»» АА.

Жорий йил инсоният учун жуда синовли келди. Жумладан, Covid-19 билан боғлиқ кутилмаганда пайдо бўлган вазият бутун оламни ўз домига тортди. Афсуски, бу офа Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Март ойида бошланган пандемия ҳали ҳам давом этмоқда.

Қарангки, бу йил табиат ҳам ўз инжиқликларини кўрсатди. Дастлаб Бухоро вилоятида кузатилган кучли шамол Олот ва Қоракўл туманлари аҳолиси, уй-жой, қишлоқ хўжалигига жиддий зарар етказди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, 1 май тонги яна бир нохуш хабар юртимизда тарқалди - «Сардоба» сув омборида техноген ҳолат кузатилди. Бунинг оқибатида Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларидаги аҳоли яшаш жойлари сув остида қолди. Шунингдек, қўшни Қоғоғистоннинг чегарадош ҳудудлари ҳам зарар кўрди.  

— Сардоба туманида жойлашган «Сардоба» сув омбори тўғонининг бузилиши натижасида юзага келган тошқин нафақат сирдарёликларни, балки бутун мамлакатимиз халқи сабрини синовдан ўтказди, десак муболаға бўлмайди, - деди вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Анвар Каримов. — Табиий офат оқибатида Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларининг 28 та маҳалласидан 89 минг 450 нафар аҳоли зудлик билан бошқа ҳудудларга эвакуация қилинди.  Талофатларда 4 минг 710 та хонадон, шундан 2 минг 211 таси яроқсиз, 2 минг 499 таси таъмирталаб ҳолатга келгани аниқланди. Давлатимиз раҳбарининг вилоятга бир неча бора ташрифлари давомида берилган топшириқлар натижасида тошқиндан жабр кўрган маҳаллалар ўрнига бутунлай янги мавзелар барпо этилди.

Пресс-тур иштирокчиларининг илк ташриф манзили Сирдарё туманидаги «Sirdaryo-mega-luks» қўшма корхонаси бўлди. Корхонада яратилган имкониятлар ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий имкониятларини ошириш боробарида, аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Шундан кейин Сардоба тумани «Дўстлик» маҳалласида амалга ошрилган бунёдкорлик ишлари билан танишилди. Янги массивда кўп қаватли уй-жойлар қурилиши билан бирга 1 минг 500 иш ўрнига эга бўлган «Sardoba Oqsaroy Tekstil» МЧЖ тикув трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси барпо этилмоқда.

«Дўстлик» маҳалласида қурилиши якунига етказилаётган кўп қаватли уйларда яратилган шарт-шароитлар ҳам аҳолига манзур келмоқда.

— Тошқиндан кейин бу жойлар ботқоққа айланиб қолган эди. Фақат резина этикда юриш мумкин эди, — дейди меҳнат фахрийси Отабек Эгамбердиев. — Шундай жойда шаҳар барпо этилади деганда шахсан мен ишонмаган эдим. Қарангки,  беш ойда ана шундай гўзал уйлар қурилди. Бу ерда газ, ичимлик суви, электр таъминоти, марказлашган канализация каби замонавий инфратузилмаларнинг барча имкониятлари мавжуд. Энди халқимиз бу жойларда ҳалол меҳнат қилиб, бу имкониятларнинг қадрига етиб, асраб-авайлаб яшаши керак.

— Сув тошқини оқибатида уйимдан, мол-ҳолимдан айрилиб қолгандим, — дейди шу маҳаллада яшовчи Гавҳар Унгарова. — Ўша кунги воқеларни эсласам бутун танам жимирлаб кетади. Давлатимизга, Президентимизга минг раҳмат, бизларга ўз уйимиздан ҳам яхши, чиройли, шаҳарникидан қолишмайдиган уйларни қуриб берди. Мен шу уйлардан 3-хоналигини олаяпман. Хонадонларда яратилган шароитларга жуда зўр. Насиб қилса фарзандларим билан бу уйларда тўйлар қиламиз. Бундан  ташқари Президентимиз томонидан биз аёлларга зарур бўлган 6 турдаги маиший техника учун сертификатлар берилган эди. Бугун улар хонадонларимизга бепул етказилмоқда.

 Сардоба” сув омборида юз берган техноген ҳодисадан талофат кўрган Мирзаобод туманидаги «Навбаҳор» маҳалласида қурилган, 360 та оилага мўлжалланган 9 та кўпқаватли уй ёнида иссиқхоналар ҳам барпо этилди. «Беккластер» компанияси ташаббуси билан амалга оширилаётган ушбу «Ижтимоий иссиқхона» лойиҳаси туфайли 64 оиланинг ҳар бири 25 сотихлик иссиқхона эгаси бўлади.

Журналист ва блогерлар вилоятнинг Сирдарё, Оқолтин, Мирзаобод ва Сардоба туманларидаги улкан ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, қурилиш-бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишиш асносида ана шу лойиҳа асосида ишга туширилган иссиқхоналарда ҳам бўлди.

— Мазкур лойиҳани «Калити билан бизнес» деб ҳам юритамиз, — дейди лойиҳа масъулларидан бири Анвар Жуманов. — Яъни 64 та оила ушбу лойиҳа доирасида ташкил этилган иккита масъулияти чекланган жамиятга таъсисчи-мулкдор сифатида киради. Олинган кредитларга эса айни жамиятлар кафил саналади. Ҳар бир оиланинг 25 сотихлик иссиқхонасида етиштириладиган маҳсулотларни «Беккластер» сотиб олади ва «Ўзбек» бренди остида экспортга йўналтиради. Кредит тўловлари тўла қоплангач, узоғи билан 2-3 йилда оила иссиқхонанинг тўла ҳуқуқли эгасига, тадбиркорга айланади.

Яна бир жиҳат, лойиҳа доирасида шу ернинг ўзида иссиқхона хўжалигини юритишни ўргатишга мўлжалланган цитрус, субтропик ва тропик ўсимликлар илмий-амалий маркази ҳам ташкил этилди.

Навбатдаги манзилимиз «Янги Ўзбекистон» маҳалласи бўлди. Бу ердаги собиқ “Ҳақиқат” маҳалласида 800 хонадондан иборат 40 та 5 қаватли уй қурилди. Бунинг учун маҳалла ҳудудидан қарийб 12 гектар ер майдони ажратилиб, кўп қаватли уйлар “White city construction” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан қисқа фурсатларда барпо этилди. Бу ерда олиб борилган улкан бунёдкорлик ишлари натижасида маҳалла “Янги Ўзбекистон” деб қайта номланди.

Уйларни қисқа вақтда қуриш учун Туркиянинг “тунел қолип” услубида иш олиб борилди. Биноларнинг ертўласида ҳар бир оила учун 15 квадрат метрдан алоҳида хона ташкил этилган бўлиб, ундан хонадон эгалари омборхона сифатида фойдаланиши мумкин. Ҳудудда кузатув камералари ўрнатилган.

Биноларда электр энергия, табиий газ, ичимлик ва оқава сув таъминоти мавжуд. Ҳудудда маҳалла гузари, “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилоти, 6 та болалар майдончаси, йўл қоидаси ўқув майдончаси, нонвойхона, сартарошхона ва кутубхона бор.

Оқолтин туманидаги “Янги Тошкент” маҳалласи ҳам талофатдан кейин қурилган мавзелардан бири. Бу ерда 130 та бетон-панелли уй-жойда таъмирлаш тиклаш ишлари бажарилиб, 200 дан зиёд оиланинг яшаш шароити яхшиланди. Маҳалланинг ҳар бир кўчасига Тошкент шаҳрининг туманлари номлари берилди. 

Маҳалла гузари, кутубхона, болалар майдончаси, спорт комплекси барпо этилган. Ички йўллар қурилиб, электр энергияси, табиий газ, ичимлик сув таъминоти тикланган.

“Янги Тошкент” маҳалласи 8 та кўчали қилиб қурилди. Маҳаллада 135 та хонадон қайта қад ростлади. Ҳозир бу ерда 1 минг 200 дан зиёд аҳоли яшамоқда.

Шунингдек, ҳудуддаги 130 ўринли 5-мактабгача таълим муассасаси, 150 ўринли мактаб биноси ҳам қайта таъмирланди.