Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли шоир, таниқли жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.

Давлат раҳбарининг қарорида шоир юбилейини муносиб нишонлаш ва хотирасини абадийлаштириш мақсадида қатор вазифаларни бажариш кўрсатилган эди. Хусусан, Тошкент вилояти Қибрай тумани “Янги Арғин” маҳалласидаги шоир яшаган хонадонда ёдгорлик лавҳаси ўрнатиш ҳам шулар жумласидандир.

Шу кунларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан Абдулла Орипов яшаб, ижод қилган хонадонга ёдгорлик лавҳи ўрнатилди. 2021 йилнинг 26 март куни “Дўрмон” ижод уйи ҳудудида жойлашган ушбу хонадонда ўрнатилган барельефнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, ёзувчилар, шоирлар, адабиётшунослар, ёш ижодкорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид кириш сўзи билан очиб, устоз шоиримизнинг “Сийланган жойида азиздир инсон”, деган мисрасини ёдга олди. Шоирнинг бетакрор ижодий мероси, Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олижаноб инсоний фазилатларни тараннум этган етук бадиий асарлари, сермазмун ҳаёти ва ижтимоий фаолиятининг халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлод тарбиясидаги беқиёс ўрни ва аҳамияти ҳақида гапирди.

Шунингдек, ушбу хотирлаш ва қадрлаш маросимида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли адиб Абдусаид Кўчимов ҳамда Абдулла Ориповнинг турмуш ўртоғи Ҳанифа Мустафоенвалар ҳам сўзга чиқишиб, буюк шоиримизнинг ўзига хос ижодий мезонлари ҳақида сўз юритишди.

Ёдгорлик лавҳи муаллифи – Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, ҳайкалтарош рассом Азамат Ҳотамовнинг ижодий изланишларига ҳам қатнашчилар ўз муносабатларини билдиришди.

Қарорда кўрсатилганидек, айни кунларда Ўзбекистон Халқаро анжуманлар саройида Абдулла Орипов хотирасига бағишланган тантанали адабий-бадиий хотира кечаси ўтказилиши режалаштирилган. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида “Абдулла Орипов ижодий меросининг ўзбек ва жаҳон адабий-эстетик тафаккури тараққиётидаги ўрни” мавзусида халқаро илмий-назарий конференция ўтказилади ҳамда анжуман материалларини алоҳида тўплам ҳолида чоп этилади.

Ҳозирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Абдулла Орипов замондошлари хотирасида”, “Эътироф” номли китоблар ҳамда шоирнинг ўзбек тилидаги икки жилдлик “Танланган асарлари”, қорақалпоқ, рус, инглиз ва бошқа тилларга таржима қилинган шеърий тўпламлари нашрга тайёрланаяпти. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти билан ҳамкорликда Абдулла Орипов ҳаёти ва ижоди ҳақидаги ҳужжатли фильм суратга олинмоқда. Мамлакатимиз театрларида адиб асарлари асосида спектакллар саҳналаштирилмоқда.

Таълим муассасалари, меҳнат жамоалари, маҳаллалар, ҳарбий қисмлар ҳамда Адиблар хиёбонида таниқли ижодкорлар, олимлар, маданият ва санъат намояндалари иштирокида шоир ижодига бағишланган учрашувлар, давра суҳбатлари, китобхонлик ва шеърият кечалари ўтказилмоқда.

Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини муносиб нишонлаш ва хотирасини абадийлаштириш мақсадида ўтказилаётган бу каби тадбирлар мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда.

Фозил ФАРҲОД,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати раҳбари