Ана шундай қарама-қаршиликлар оқимида Ўзбекистон ўзининг назарий ва амалий жиҳатдан асосланган қатъий сиёсий позициясини намоён этмоқда. Дунё масалаларини ва инсоният истиқболи билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга доир концептуал ғояларни илгари сурмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида қилган маърузаси бунинг ёрқин мисоли бўлди.

Давлатимиз раҳбари минтақалараро ва давлатлараро муносабатларини яхшилик сари буришда БМТнинг роли, унинг мажбурияти масалалари борасида жиддий мулоҳазаларни илгари сурди. Жумладан, “Ҳозирги кунда дунё халқаро институтларининг ўрни ва роли заифлашмоқда, қарама-қаршилик, низо ва урушлар кучаймоқда, технологик ва ижтимоий тенгсизлик кескин ошмоқда. Иқтисодий, гуманитар инқирозлар ортиб бормоқда. Буларнинг ҳаммаси мутлақо янги, хавотирли геосиёсий воқеликни вужудга келтирмоқда”, деди. Бу билан БМТ фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш зарурлигини долзарб масала қилиб кўтарди. Ана шунинг ўзи, айтиш мумкинки, Янги Ўзбекистон давлати жаҳон ҳамжамиятининг энг фаол, дунёвий масалаларни ҳал қилишда ўзига ҳос сиёсий қудрат, сиёсий жасорат ва ташаббусга эга бўлган давлат эканлигини кўрсатади.

Ўзбекистон раҳбари замонавий хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, хусусан, ривожланаётган давлатлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида БМТ Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таъсир кучини ошириш мақсадида таркибини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Дарҳақиқат, ҳозирги дунёда БМТнинг роли сезилмай қоляпти. Уруш ва тинчлик масалаларини ҳал қилишда роли сезилмаяпти. Давлатлараро муносабатларни барқарорлаштиришда унинг иштироки билинмаяпти. Ваҳоланки, дунёни, минтақалараро ва давлатлараро муносабатларни барқарорлашда айни ана шу нуфузли ташкилот муҳим роль ўйнамоғи лозим.

Президентимиз минтақавий ҳамжиҳатлик ва тараққиётнинг муҳим омили сифатида яқин қўшни давлатлар билан соғлом ҳамкорлик муҳим роль ўйнашини ва бу масала Марказий Осиё минтақасида Ўзбекистон ташаббуси билан ижобий ҳал этилганлигини алоҳида таъкидлади ва “Бугунги кунда янги Марказий Осиёни шакллантириш жараёни бошланди. Минтақамиз ўзининг ҳамжиҳатлиги, барқарорлиги, ўзига ҳослиги билан халқаро муносабатлар тизимида алоҳида субъект сифатида тобора мустаҳкам ўрин эгалламоқда”, — деди. Дарҳақиқат, Марказий Осиё бутунлай янги тафаккурдаги азалий қон-қардошлик, ўзаро бир-бирини тушуниш, англаш ва бир-бирига ён бериш фазилатларини намоён этмоқда. Ўзбекистон ташаббуси билан минтақавий ҳамкорликнинг бутунлай янги даври бошланди. Азалдан бир-бирига яқин бўлган халқлар давлатлар нуқтаи назаридан ўз суверенитетини ҳурмат қилади,  бир-бирининг мустақиллигини тан олади, чегаралар даҳлсизлигини таъминлайди. Бироқ қардошлик ва ҳамкорлик туйғулари чегара билмайди. Бу бағрикенгликнинг, ўзаро бир-бирини тушунишнинг, консенсус ҳолатининг янги тарихий шароитлардаги кўриниши, дейиш мумкин. 

Замонавий жаҳон ижтимоий-сиёсий жараёнлари оқимида ёшлар дунёқараши кескин ўзгармоқда. Қадриятларга, миллий урф-одаларга  муносабат ўзгармоқда. Инсоният қадриятлардан узоқлашиш жараёнини бошдан кечирмоқда. Бу, айниқса, ёшлар дунёқарашини жиддий равишда ўзгартирмоқда. Натижада инсоният тақдирига ғоявий, маънавий ва ахлоқий таҳдид кучаймоқда. Инсониятнинг муаммоларга тўла истиқболини назарда тутиб, Президент Ш.Мирзиёев “Эртанги кунимиз, дунёнинг тақдири ва фаровонлиги ўсиб келаётган ёш авлод қўлида. Ёшларимизнинг қалби ва онгига тинчлик, гимманизм ва дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат каби олижаноб ғояларни сингдириш долзарб вазифамиздир”, — деди. Айни ана шу умумпланетар масаладан инсониятнинг истиқболи билан боғлиқ бўлган ғоявий, ахлоқий ва маърифий муаммолардан келиб чиқиб “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш, унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш таклифини илгари сурди. Бунинг, албатта, тарихий асослари бор. Шарқ, жумладан, Марказий Осиё инсоният ҳаётига маданият олиб кирган, турмуш тарзини ва тараққиёт асосларини ахлоқ орқали, умуминсоний қадриятларга ҳурмат, тинчлик ва барқарорликни асраш учун бирлашиш, умумдунёвий ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик, ғоявий фаоллик фазилатларига асосланган. Президентимиз ғояларига кўра, дунё ёшлари диққатини бир нуқтада жамлаш, уларнинг ақлий, ижодий ва интеллектуал имкониятларини инсоният истиқболи ва келажагига, унинг саодатли ҳаётига сафарбар этишда Ўзбекистон ташаббускор эканлигини маълум қилди.

Ўзбекистон раҳбарининг ушбу юбилей сессиясидаги нутқи, айтиш мумкинки, давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги мавқеи ва нуфузини яна ҳам оширди. Дунёнинг энг фаол давлати сифатидаги сиёсий иродасини, қатъий позициясини яна бир бор намоён этди.

                                                              Нарзулла ЖЎРАЕВ,

                                                              Сиёсий фанлар доктори, профессор

“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси