Ҳа, ана шу муқаддас заминда ҳар бир инсоннинг билим олиб, етук ва комил инсон бўлиши учун барча имкониятлар яратилган. Бошқача айтганда, инсон ҳуқуқлари қомусимиз билан кафолатлаб қўйилган. Эътибор қилсангиз, ҳар бир инсон юзида ҳаётдан рози бўлиб яшаш ифодаси зоҳир бўлмоқда. Қайга борманг, юртимизнинг қайсидир гўшасида бўлманг, юртдошларимизнинг кайфияти баланд, юрагида  улкан  орзулар ва эзгу ниятлар қанотида яшаётганини кўрасиз.

Гарчи бугун дунё халқлари коронавирус пандемияси билан азоб чекаётган бўлсада, шу юрт учун, Сиз ва биз учун суюкли бўлган ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН келажаги учун кўплаб ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ана шундай синовли кунларда кўнгилларни яшнатадиган адабиётга бўлган эътиборни айтмайсизми?!

Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан пойхтатимизнинг қоқ марказида сўлим гўша Адиблар хиёбонининг очилиши адабиётни севган кўнгиллар учун муносиб туҳфа бўлди. Муҳтарам Юртбошимизнинг “Адабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади…

Аждодлар меросини ўрганиш, буюк маданиятимизга  муносиб буюк адабиёт яратишимиз учун  ҳамма  шароитларни яратамиз” деган пурҳикмат сўзлари кўнгилларимизни осмон қадар кўтариб юборди. Адабиёт гулшанидан таралаётган нурлар жилоси бир умр тарк этмаслигини истадик ўша онлар билсангиз. 

Айниқса, ушбу мўътабар масканда ёшларимиз учун турли маънавий-маърифий тадбирларнинг ўтказилиши, театрлаштирилган саҳна томошалари ижро этилиши, композицион чиқишлар ўзбек адабиётининг устунларидан бири, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Абдулла Қаҳҳорнинг “Адабиёт атомдан кучли, бироқ унинг кучини ўтин ёришга сарфламаслик керак” деган пурмаъно сўзлари қанчалик ростлигини исботи бўлди.

Табиийки, ана шундай ибратли ишларнинг давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Маънавият ва маърифат маркази томонидан ўтказилаётган маънавият ва маърифат дарслари ёшларимизни ҳаётга янада теран нигоҳ билан боқишга ундаб, авлодларга муносиб издош бўлиш маъсулиятини шараф билан уддалашга чорламоқда.

Ибратли ишларнинг давоми сифатида кечагина БМТнинг юксак минбарида Муҳтарам Юртбошимизнинг соф ўзбек тилида нутқ сўзлаши барча юртдошларим қатори менинг ҳам кўнглимни тўлқинлантириб юборди. Жадид боболаримиздан бири Абдулла Авлонийнинг “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур.

Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур” деган пурмаъно сўзлари исботини кўрсатгани, бугун мана шу юртда яшаётган ҳар бир инсон борки, юраги фахр ва ғурурга тўлгани, айниқса, адабиёт аҳлини бу чиқишлар ғурурлантириб юборгани, дунё харитасида ўзбек деган миллатнинг борлигини билдирганидан юраклар шодликка тўлганини айтмоқ истаяпман, билсангиз.

Айниқса, кейинги йилларда миллатимизнинг борлигини, унинг барҳаётлигини кўрсатадиган она тилимизга бўлган эътиборнинг кучайгани кўнгилларни осмон қадар нурлантириб юборади. Жойларда ўзбек тилига бўлган эътиборни кучайтириш, бу соҳадаги ишларимизни янада ривож топиши вилоят ва туман ҳокимликларида ҳокимнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимларининг жорий этилиши, соҳада тўпланиб қолган муаммоларнинг бартараф этилишида маълум аҳамият касб этди ва улар томонидан ибратли ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳазрат Алишер Навоий ўзбек тилининг жозибадор, оҳангдор, нафис тил эканлигини исботлаш учун гўзал обида асар “Хамса”ни яратиб, тилимизни ҳақорат ботқоғидан чиқариб, шараф осмонининг энг олий пештоқига кўтаргани бизга яхши маълум. Куни кеча БМТ минбарида шеърият мулкининг султони Алишер Навоий ҳазратларининг навобахш битиклари, Чўлпон ҳасратлари, А.Қодирийнинг ҳаёт ҳақиқатлари, Муҳаммад Юсуфнинг ВАТАН ҳақидаги гўзал шеърлари шу тилда жаранг сочди. Бугун шу юртда яшаётган ҳар бир ўзбекнинг чин байрами. Кўнгиллар бахтдан энтиккан, юрак изҳорларини айтмоққа ошиққан дилларнинг байрами.

Муҳтарам Юртбошимиз бутун дунёни хавотирга солган муаммолар ва амалга оширилиши зарур бўлган ислоҳотларни ўз она тилимизда сўзлагани барча юртдошларимизни руҳлантирди. Пандемия даврида синиққан кўнгилларга мунавварлик адабиёт ва тил орқали улашилди. Эй фалак, эшитаяпсанми, бугун изҳорларимни?! Бугун юрагим шодликдан ёрилар даражага келмоқда. Юрагимдаги чеки йўқ шодликни улашмоқ истаяпман.

Бугун ўз тарихида қатағон даҳшатлари ва бошқа минглаб балоларни бошидан кечирган, маънавиятимизнинг асл  сарчашмаларини яратиб, дунё аҳлини лол қолдирган миллатнинг байрами. Бугун ўзбегим оналари тилидан айтиладиган алланинг жаҳон минбаридан янграган куни. Мурғак гўдак бокира кўзчалари билан бу дунё сеҳрига ҳайрон боқар экан, алла деб аталмиш гўзал қўшиқнинг жозибасини шу тилда вужудига сингдиради. 

                             

                           Алла айтинг, онажонлар,алла авжига чиқсин,                           

                           Кўзига қон тўлганларни Тўмарис руҳи йиқсин.

                           Диёнатли Алпомишнинг йўлига Барчин чиқсин,

                          Алла айтинг, онажонлар, алла авжига чиқсин.

Ҳа, бугун ўзбекнинг аллалари шу тилда янграйдиган, тўйларида қувонч куйлари жаранг сочган, байрамларида эса гўзал ашъорлар ўзбек тилида айтилган кундир букун.Азиз замондош, биласизми, мен шундай юртнинг фарзанди эканимдан, айниқса, ижод аҳлининг бир вакили эканлигимдан қалбим ғурур ва ифтихорга тўлади.

Беихтиёр юрак изҳорларни Сизга илингим келаверади, келаверади. Қани айтингчи, азизим, ёшларнинг тарбияси учун барча шароитларни яратиб берадиган, адиблари номида кўкрак нишонлари таъсис этиб, ёшларнинг адабиётга бўлган меҳрини оловлантирган, юраги эзгуликларга тўла яхши инсонлар билан тўлиб тошган жаннат ўлкаси яна қайда бор?! Бу юртга ҳавас қилмай, уни ардоқламай бўладими?!

Бугун бутун дунёни юксак минбардан туриб лол қолдирган юртнинг фарзандини олқишламай, бир лаҳза бўлсада, юрагингдаги эзгу изҳорларни жон ўғлонингга тиламай бўладими азизим, меҳри дарё ўзбегим?! Буни қанчалар бахтлигини ҳис қилиш юракдан ўтказиш инсон юрагига фарахбахшлик олиб киришини сезганмисиз, қадрли замондошим?!  Ўзбекистон-бахтиёрлар юрти. Унда ўтган ҳаётингнинг ҳар бир они қувонч ва бахтларга тўла.

Бугун бахтиёрлик қўшиғи жаранг сочган кун. Азизим! Бугун мен Сизнинг жаннат ўлкасининг бир фарзанди сифатида юрагимдаги қувончларни Сизга ҳам улашгим келди. Қувончларимни Сиз билан баҳам кўриш асносида муҳтарам Юртбошимизга адабиётимизга, она тилимизга, маънавиятимизга бўлган юксак эътиборлари учун чуқур эҳтиром билан миннатдорчилик билдирмоқчиман.

Муҳтарам Юртбошимизни ишонтириб айтаман, олий таълим соҳасида фаолият кўрсатаётган зиёли сифатида, биз маънавият тарғиботчилари, зиё улашувчилар адабиёт, маънавият соҳасига эътибор асносида олиб борилаётган улкан ишларнинг амалий ифодасини ҳаётда ўз тасдиғини топиши учун Сизга елкадош бўлиб фидоийларча хизмат қилишга, мустақил Ўзбекистон тараққиёти учун, она тилимизнинг гўзаллигини, софлигини, унинг қадрини янада кўтариш борасидаги хайрли ишларда ҳам Сизга кўмакчи бўламиз! Барча-барчаси учун Сизга ташаккур азиз ЮРТБОШИМ!!!                        

Мирзоҳид БОТИРОВ