Юртимизда муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида соғлом турмуш тарзини қарор топтириши, юртдошларимизнинг узоқ умр кўришларига эришиш, турли касалликларнинг барвақт олдини олиш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилаётир.

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси асосида соҳа босқичма-босқич такомиллаштириб келинмоқда. Сўнгги бир йилда тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган 20 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бу йил соҳага бюджетдан 21 триллион сўм, яъни 2017 йилга нисбатан 3 баравар кўп маблағ ажратилди.

Бу ҳақда Юртбошимиз томонидан 18 май куни соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилди.

Президентимиз мазкур йиғилишда соҳадаги вазифаларни 5 та йўналишда кўрсатиб ўтдилар. Яъни, Бирламчи тиббиёт бўғинини касалликни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш;

– ихтисослашган марказлар томонидан жойларда тор доирадаги тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини тубдан яхшилаш;

– рақамлаштириш орқали соҳада қоғозбозлик, бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш;

– тиббиётнинг барча йўналишларида рақобатни ривожлантириш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш;

– тиббиёт ходимлари билимини ошириш, таълим ва илм-фанни ривожлантириш каби устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, оилавий шифокор пункти ва поликлиникаларда тиббий хизматлар сифатини яхшилаш масаласига эътибор қаратилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда 3 мингдан ортиқ тиббиёт муассасаси бўлиб, уларнинг фаолиятига замонавий технологиялар жорий этилмоқда. 423 та бирламчи тиббиёт муассасаси “Электрон поликлиника” ахборот тизимига улангани ва бу тизимни янада ривожлантириш борасида аниқ вазифалар белгиланди.

Бундан ташқари, йиғилишда оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Аввало, уларни соғлом турмуш тарзига ўргатиш, болаларнинг тўғри овқатланишини йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.

Ҳа, албатта, соғлом авлод – соғлом миллат, соғлом жамият ва тараққиёт гаровидир. Жисми ва руҳи соғлом бўлган одамгина том маънода ўзини бахтли ҳис эта олади. Дарҳақиқат, А.Авлоний бобомиз таъкидлаганидек, соғлом бола соғлом ва аҳил оиланинг мевасидир. Биз оилага ҳаёт давомийлигини таъминлайдиган, келажак насллар тақдирига кучли таъсир кўрсатадиган тарбия маскани сифатида қараймиз. Яна соғлом фикрли кишигина ҳаётга теран нигоҳ ва эзгу ғоялар билан қарайди.

Тўғри овқатланиш, шахсий гигиена қоидаларига ва тозаликка риоя қилиш, мунтазам спорт билан шуғулланиш инсон саломатлигининг калити ҳисобланади.

Хулоса қилиб шуни айтаманки, тиббиётдаги ислоҳотларни сифатли, манзилли амалга ошириб, фуқароларимизнинг тиббиёт соҳасидан рози бўлишига ҳамкасбларимиз билан биргаликда бор куч ва имкониятимизни, тажрибамизни сафарбар этамиз.

Феруза Мадалиева,

Фарғона шаҳридаги 5-оилавий поликлиника бош шифокори,

Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати.