Қарорга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасида давлат муассасаси шаклида “Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази” лойиҳа офиси ташкил этилади.

Лойиҳа офиси қуйидаги устувор йўналишларда янги механизмларни жорий қилишга масъул этиб белгиланди, жумладан:

  • давлат тиббий суғуртаси тизимини ва давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари пакетини тўлиқ жорий этиш;
  • тиббий хизматлар сифати ва хавфсизлиги устидан назорат тизимини такомиллаштириш;
  • давлат харидлари самараси ва шаффофлигини ошириш, фармацевтика соҳасини ислоҳ қилиш;
  • санитария қоида ва нормаларини замонавий талаблар асосида янгилаш.

2024 йилда:

  • 40 та санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари тўлиқ қайта кўриб чиқилади ва халқаро стандартларга мувофиқлаштирилади;
  • республика ихтисослаштирилган хирургия, кардиология, эндокринология, дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт марказлари, Болалар миллий тиббиёт маркази ҳамда Миллий тиббиёт марказининг фаолиятига замонавий бошқарув усуллари ва тиббий ёрдам хавфсизлиги ва сифатининг юқори стандартлари жорий этилади ҳамда улар халқаро аккредитациядан ўтказилади.