Қайд этиш керакки, оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиникаларда фақат мурожаат тартиби ўзгаради. Авваллари бемор ўзининг оилавий шифокорига учрашмасдан, тор соҳа шифокори қабулига кетаверган бўлса, энди оилавий шифокор йўлланма берсагина, тор соҳа мутахассисига боради. Агар йўлланмасиз борса, пул тўлайди.
Мамлакатимизда инсон саломатлиги ва унинг турмуш фаровонлигини оширишга эътибор бугун ўз самарасини бера бошлади. Айниқса, шифо масканларида кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ошиб, фуқаролар, қолаверса, даволанувчилар учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Фуқароларни давлат томонидан тиббий суғурталаш масаласи Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ўз аксини топди.
Дунёнинг кўплаб мамлакатларида махсус тиббий суғурталаш жамғармалари фаолият юритмоқда. Уларнинг асосий мақсади — беморларга сифатли тиббий ва профилактик ёрдам кўрсатилишини таъминлаш учун мажбурий тиббий суғурталаш тизимини молиялаштиришдир. Юртимизда ҳам Сингапур, Жанубий Корея, Япония, Франция, Германия, Норвегия, Россия каби давлатларнинг бу борадаги тажрибаси асосида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ташкил этилди.
Ушбу жамғарманинг асосий вазифаси — давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш, бошқариш ҳамда ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширишда идоралараро ҳамкорликни таъминлаш. Аҳолининг барча қатламларини давлат томонидан кафолатланган пакет доирасида сифатли ва зарур тиббий ёрдам билан таъминлаш мақсадида тиббий хизматлар стратегик хариди тизимини жорий этишда иштирок этамиз.
Давлат тиббий суғуртаси билан нимага эришамиз? Энг аввало, касалликларни эрта аниқлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва кўламини янада оширишга эришилади. Кафолатланган пакетлар билан эса ҳар бир тиббиёт муассасаси даражасида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизмат кўрсатилади ва дори воситалари етказиб берилади. Фуқаро пакет доирасида ҳудудий оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиника, кўп тармоқли марказий поликлиникаларда зарур диагностик ва лаборатория текширувларидан ўтади. Бу пакетларнинг муддати бўлмайди ва ҳаммага тенг бўлади.
Ҳозир Сирдарё вилоятида аҳоли рўйхатдан ўтказилди ва уларнинг саломатлиги мавжуд хавф омилларига кўра хавф гуруҳларига бўлинди. Ўрта ва юқори хавф гуруҳларига кирувчи аҳоли белгиланган муддатларда тиббий кўрикдан ўтиши таъминланади ва саломатлиги даврий кузатувга олинади. Юқори хавф гуруҳига кирувчи ва мустақил равишда тиббиёт муассасасига кела олмайдиган беморлар доимий кузатувга олиниб, уйида тиббий хизмат кўрсатилади. Профилактик кўриклар ўрнига ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, муайян касалликлар бўйича мақсадли скрининг текширувлари ўтказилади ва патронаж кўриклари оптимизация қилиниб, янги мақсадли патронаж тизими жорий этилмоқда.
Шу ўринда давлат томонидан аҳоли учун тиббий ёрдам олдин ҳам бепул берилган, энди ҳам берилар экан, янгилик нимада, деган савол бўлиши мумкин. Қайд этиш керакки, оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиникаларда фақат мурожаат тартиби ўзгаради. Авваллари бемор ўзининг оилавий шифокорига учрашмасдан, тор соҳа шифокори қабулига кетаверган бўлса, энди оилавий шифокор йўлланма берсагина, тор соҳа мутахассисига боради. Агар йўлланмасиз борса, пул тўлайди. Шунинг учун ҳар бир фуқаро ўзининг ҳудудий поликлиникасига бириктирилган бўлиши керак. Оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиникаларда клиник протоколлар, диагностика ва даволаш стандартларига кўра кафолатланган пакетда белгиланган ҳажмда тиббий хизмат кўрсатилади.
Шу тариқа Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш тизимида 2021 йилнинг 1 июлидан 2022 йил охирига қадар тажриба-синов тариқасида соғлиқни сақлаш тизимининг янги модели ва молиявий механизмлари синовдан ўтказилмоқда.
Ҳозир Сирдарё вилоятидаги 11 та туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси, 18 та вилоят соғлиқни сақлаш муассасаси билан шартномалар имзоланди. Ушбу шартномаларга асосан бирламчи тизим муассасалари уларга бириктирилган аҳоли сони ва таркибидан келиб чиқиб, диспансер хизматлари кўрсатувчи муассасалар глобал бюджет асосида ва стационар муассасалар бажарилган ишлар натижаси (даволанган ҳолатлар) бўйича молиялаштириш тизимига ўтказилди.
Айни вақтда Президентимизнинг 2021 йил 28 июлдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан тузилган шартнома асосида тиббий хизматларнинг базавий нархларида молиялаштирилмоқда.
Бугунги кунда 14 та республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази ва Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ўртасида шартномалар тузилди. Ихтисослаштирилган муассасаларда бемор даволанганидан сўнг Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан базавий нархлар доирасида беморга кўрсатилган тиббий хизматларни асословчи ҳужжатларга мувофиқ, сарфланган маблағ ихтисослаштирилган муассасаларга Давлат бюджети ҳисобидан ўтказиб берилмоқда.
Ноябрь ойидан республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси ва урология, 2022 йил 1 январдан кардиология, травматология ва ортопедия ҳамда акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказлари томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатилишига рухсат берилди.
Бунда имтиёзли тоифага кирувчи шахслар тиббий хизмат кўрсатадиган Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартномаси мавжуд давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотларини ўз хоҳишига кўра эркин танлаш ҳуқуқига эга бўлади.
Шунингдек, нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга тиббий хизмат кўрсатиш Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан тузиладиган шартнома асосида базавий нархлардан келиб чиқиб амалга оширилиши белгилаб қўйилди.
2022 йил 1 январдан бошлаб, республика даражасидаги 13 та давлат тиббиёт муассасасида имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни электрон ахборот тизими орқали ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тартиби ҳамда молиялаштиришнинг янги механизми жорий этилади.
Фаррух Шарипов,
Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг ижро этувчи директори.