Тиббий кузатувларга кўра, байрам даврида ёғли, қовурилган, туз ва шакар миқдори юқори бўлган таомларнинг меъёрдан ортиқ истеъмол қилиниши ошқозон-ичак тизими, жигар, юрак-қон томир ҳамда қанд алмашинуви жараёнларига ортиқча юклама бўлади. Айниқса, сурункали касалликлари бор беморларда бундай ҳолатлар хасталикнинг зўрайишига олиб келиши мумкин.

Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги байрам кунларида овқатланишда қуйидаги тавсияларга амал қилишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди:

  • қовурилган ва оғир ҳазм бўладиган таомлар ўрнига қайнатилган, димлаб ёки буғда тайёрланган овқатларни танлаш;
  • майонезли салатлар, қайта ишланган гўшт маҳсулотлари ҳамда тузли таомлар улушини чеклаш;
  • сабзавот, кўкат ва табиий меваларга устуворлик бериш;
  • ширинликларни меъёрда истеъмол қилиш, шакарли ичимликлар ўрнига тоза ичимлик суви ёки кўк чой ичиш;
  • овқатни секин, белгиланган вақтда истеъмол қилиш, кечки пайт эса оғир таомлардан воз кечиш.

Шунингдек, байрам кунлари етарли миқдорда сув ичиш организмда моддалар алмашинувини қўллаб-қувватлаб, умумий аҳволни барқарор сақлашга хизмат қилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни Янги йил байрамини хурсандчилик ва яхши кайфият билан, бироқ саломатликка масъулият билан ёндашган ҳолда ўтказишга чақиради. Онгли ва меъёрли овқатланиш байрам завқини камайтирмасдан, янги йилга соғлом қадам қўйиш имконини беради.