Маълумки, бутун дунё ҳозирда чўлланиш ва қурғоқчилик, ҳавонинг ифлосланиши, сув етишмаслиги, биохилма-хилликнинг камайиши каби қатор экологик муаммолар оқибатида вужудга келаётган талофатларни бошидан кечирмоқда. Олимларнинг таъкидлашича, уларнинг аксариятига ер шаридаги иқлим ўзгариши сабабли содир бўлмоқда. Саноат ва ишлаб чиқаришнинг атроф муҳитга етказаётган салбий таъсири натижасида экологик барқарорликка путур етиб, унинг таъсирида ҳавонинг ўртача иссиқлик даражаси ошиши кузатилмоқда. Бу эса ўз-ўзидан чучук сув захираларининг буғланиши, яшилликнинг камайиши, об-ҳаводаги иссиқ ёки совуқ кунларнинг ўртача меъёридан ортиши каби ҳолатларга олиб келмоқда.

Сир эмас, мамлакатимизда иқтисодиётнинг ўсиши ва эркинлашиши, тадбиркорлик фаолияти учун кенг имкониятларнинг яратилиши сабабли саноат ва ишлаб чиқариш ҳажми кенгайди. Аҳоли сонининг мунтазам ортиб бориши эса уй-жойлар қурилиши ҳамда транспорт, энергетика, алоқа мақсадларида турли қурилиш иншоотларининг кўпайишига олиб келмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ҳамда аҳоли турли қатламларининг саъйи ҳаракатлари билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бутун халқимизни табиат ва ёш авлод олдидаги улкан масъулиятни бажариш учун бирдамликка чорламоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатида 2023 йилда мамлакатимизни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида экологик вазиятни барқарорлаштириш масаласи эътироф этилди.

Маълумотларга кўра, сўнгги 4 йилда саноат корхоналари 2 бараварга ортиб, шаҳарларда чанг-газ миқдори меъёрдан 4 баравар ошганлиги, юртимиз ҳудудларида яшил майдонлар 3-4 бараварга қисқариб кетган. Кўп қаватли уйлар оралиғидаги бўш жойларда қурилишлар қилиш, мораторий эълон қилинганига қарамасдан дарахтларни кесиш, яшил ҳудудларни камайтириш ҳолатлари учрамоқда.

Назаримизда, урбанизация тобора жадаллашиб бораётган ҳозирги шароитда шаҳарсозлик норма ва қоидаларини экологик моделга ўтказиш муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бугунги кунда халқаро миқёсда кенг қўлланилаётган “замонавий шаҳар” концепцияси доирасида мамлакатимизда ҳам шаҳарлар учун экологик талабларни белгилаш зарур. Мазкур талаблар доирасида янги қурилаётган шаҳарлар атрофида, босқичма босқич яшил зоналардан иборат “экологик белбоғ”лар барпо этилиши зарур. Улар шаҳарлардаги иқлим барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, қонунчиликда аҳоли сонидан келиб чиқиб ҳудудлар учун яшил қопламаларнинг миқдор мезонларини аниқ белгилаш, яшил қопламаларни экологик нормативлар сирасига киритиш зарур. Қолаверса, аҳоли пунктларидаги яшил фондни ҳам қонунчиликда ўсимлик дунёси объекти доирасига киритиш мақсадга мувофиқ.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” умумиллий лойиҳаси мавжуд экологик муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш билан бир қаторда халқимизни бирдамликка чорлайди, она табиатни эъзозлашдек қадриятимизга садоқатимизни намоён этади.

Гўзал Узоқова,

юридик фанлари доктори (DSc), доцент