Тошкент шаҳар, Сергели туманида яшовчи 20 ёшли (аёл) С.А. мурожаат қилиб, “Телеграм” мессенжерида интернет дўконлардан кийим олиш мақсадида “номаълум шахс” билан танишиб, аёллар сумкасини олиш мақсадида олдиндан 468.000 сўм пулларни ўзининг банк картасидан ўтказиб берганлиги ва буюртмани ололмаганлигини маълум қилган.

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, ушбу жиноятни Тошкент шаҳри Сергели туманида яшовчи, 19 ёшли (аёл) С.Б. содир этгани аниқланди.

Унга кўра, С.Б. “Телеграм” мессенжерининг “online do’kon” каналида С.А. билан танишиб, унга маъқул бўлган аёллар сумкасини етказиб бериш хизмати мавжудлиги, олдиндан тўлов қилиш кераклигини айтиб, ўзининг пластик картасига 468.000 сўм пулларни ўтказиб олиб, С.А. буюртма қилган аёллар сумкасини етказиб бермасдан, у билан бўлган ёзишмаларни ўчириб юбориб, уни қора рўйхатга киритиб қўйгани маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан С.Б.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қонунга мувофиқ, мазкур жиноий ҳаракатлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.